Жаҳон | 10:59 / 24.04.2024
2232
2 дақиқада ўқилади

Германия прокуратураси Хитой фойдасига жосусликда гумонланганларни ҳибсга олди

Бад-Гомбург ва Дюсселдорф шаҳарларида қўлга олинган уч нафар Германия фуқароси ҳарбий мақсадларда қўлланиши мумкин бўлган инновацион технологиялар ҳақидаги маълумотларни қўлга киритиб, Хитой разведка хизматига топширганликда айбланмоқда. 

Фото: Michael Probst/AP

Германияда Хитой Давлат хавфсизлик вазирлигининг эҳтимолий агентлари ҳибсга олинди. Федерал суд тергов судяси жосуслик фаолиятида ва ташқи савдо қонунчилигини бузганликда гумон қилиниб, бир кун аввал ушланган уч нафар Германия фуқаросини ҳибсга олишга қарор қилди, деб хабар қилди Карлсруэдаги Германия Федерал прокуратураси 23 апрел, сешанба куни. 

Қўлга олишлар Германия Федерал прокуратураси талабига биноан Бад-Гомбург ва Дюсселдорфда амалга оширилган. Ушланганларнинг яшаш жойи ва ишхоналарида тинтувлар ўтказилди. 

Гумонланувчилар Хитойга ҳарбий кемалар учун бутловчи қисмлар ҳақида маълумот узатган 

Тергов маълумотларига кўра, Томас Р. Хитой разведка хизмати агенти бўлиб, унинг топшириғи билан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган инновацион технологиялар ҳақида маълумот олган. Бунинг учун у Дюсселдорфда компанияга эга бўлган эр-хотин Хервиг ва Ина Ф.нинг ёрдамидан фойдаланган. Федерал прокуратурага кўра, бу компания Германия илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари билан алоқа ўрнатиш ва ҳамкорлик қилиш учун воситачилик хизматларини кўрсатган. 

Эр-хотин Ф. Германия университетларидан бири билан илмий ишланмаларни топшириш тўғрисида шартнома тузган. Шу билан бирга, биринчи босқичда турли механизмлар, жумладан, ҳарбий кемалар двигателлари учун компонентлар соҳасида тадқиқотлар ўтказиш режалаштирилган. Хитой томонидаги ҳамкор Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги ходими бўлиб, лойиҳа ХХР давлат идоралари томонидан молиялаштирилган, дея хабар беради Германия департаментлари.

Қўлга олинган вақтда гумонланувчилар «Хитойнинг денгиздаги жанговар салоҳиятини кенгайтириш учун фойдали бўлиши мумкин бўлган» кейинги тадқиқот лойиҳалари бўйича музокаралар олиб борган», дейилади баёнотда. Бундан ташқари, ушбу маълумотларга кўра, улар ХХР номидан махсус лазер сотиб олиб, зарур рухсатсиз Хитойга экспорт қилган, гарчи бу қурилма икки мақсадли буюмлар бўйича Европа Иттифоқи қоидаларига тегишли бўлган.

Мавзуга оид