Жаҳон | 15:31 / 25.04.2024
6137
3 дақиқада ўқилади

АҚШ давлат котиби Блинкен Пекинга келди

Энтони Блинкен Хитойга уч кунлик ташрифи доирасида ХХР раҳбарияти билан музокаралар олиб боради. Унинг Си Жинпинг билан учрашуви ҳақида ҳозирча хабар қилинмаган.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 25 апрел, пайшанба куни Хитойга расмий ташрифи доирасида Пекинга етиб келди ва у ерда Хитойнинг юқори мартабали расмийлари билан музокаралар ўтказиши режалаштирилган, деб хабар бермоқда AFP. 

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, Шанхай партияси котиби Чен Жининг билан 2024-йил 25-апрел.
Фото: Mark Schiefelbein/REUTERS

Хитой раҳбарияти Блинкеннинг Хитой етакчиси Си Жинпинг билан учрашиши ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган. Давлат котибининг ўтган йил июн ойида охирги ташрифи чоғида бундай учрашув сўнгги дақиқада эълон қилинган эди, деб эслатади AFP. 

Америка томонининг хабарларига кўра, музокараларда Россиянинг Украинага қарши уруши, Тайван атрофидаги кескинлик, шунингдек, Хитой ва АҚШ ўртасидаги савдо алоқалари муҳокама қилинади. Бир кун аввал Энтони Блинкен Шанҳайга ташрифи чоғида Вашингтон ва Пекинни ўзаро кескинликларга қарамай, «келишмовчиликларга масъулият билан муносабатда бўлишга» чақирди. 

АҚШ Хитойни Россияни қўллаб-қувватлаётганликда айбламоқда 

Хитойга ташрифи олдидан Энтони Блинкен Пекинни Россия мудофаа саноатини қўллаб-қувватлаётганликда айблади. Давлат котибининг сўзларига кўра, Хитой муҳим қурол компонентларини етказиб бериш орқали Кремлга ёрдам беришга катта ҳисса қўшган. 

Бундан ташқари, АҚШ Пекиннинг Россия ҳарбий ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлашини чеклаш мақсадида Хитой айрим банкларини жаҳон молия тизимидан узиб қўйиши мумкин бўлган санкцияларни ишлаб чиқаётгани маълум бўлди. 

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Вэнбиннинг айтишича, Хитой АҚШнинг Россия билан нормал савдо муносабатларига оид «асоссиз айбловларига қатъий қарши». «Биз Америка томонининг ўзи оловга мой сепиб, лекин Хитой томонини айблаганида иккиюзламачиликка қарши чиқамиз. Хитойнинг бошқа давлатлар, жумладан, Россия билан нормал иқтисодий ва савдо алмашиш ҳуқуқи дахлсиздир», деди дипломат.

Мавзуга оид