Жаҳон | 11:40 / 26.04.2024
1993
4 дақиқада ўқилади

Блинкен АҚШ-Хитой алоқаларида дипломатия муҳимлигини таъкидлади

«Хитой ва Қўшма Штатлар бир-биридан фарқ қиладиган позицияларни аниқ белгилаши муҳим», деди АҚШ давлат котиби Хитойга уч кунлик ташрифининг сўнггида.

Фото: Reuters

Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш йўлида бир қатор масалаларда ўзгариш бор, аммо Вашингтон ва Пекин бир-биридан фарқ қиладиган соҳаларда очиқ ва аниқ бўлиши муҳим. Бу ҳақда 26 апрел, жума куни Пекинда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашувда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен айтиб ўтди. «Бизнинг фикримизча, дипломатияни ҳеч нарса алмаштира олмайди», дея қўшимча қилди Давлат департаменти раҳбари Хитойга уч кунлик ташрифининг сўнггида.

«Умид қиламанки, биз президентларимиз келишиб олган масалалар бўйича бироз олдинга силжишимиз мумкин, шу билан бирга, келишмовчиликларни, ниятларни ойдинлаштирамиз ва бир-биримизга позицияларимизни аниқ билдирамиз», деди Блинкен АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой раҳбари Си Жинпинг ўртасида 2023 йил ноябр ойида Пекинда бўлиб ўтган учрашувга ишора қилиб.

Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашиши эҳтимоли 

Ўз навбатида, Ван И Пекин ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар барқарорлашиши ёки ёмонлашиши мумкинлигини айтди. «Хитой ва Қўшма Штатлар барқарорликни сақлаб, олдинга силжиш бўйича тўғри йўналишда туриши керакми? Бу бизнинг икки давлатимиз олдида турган асосий савол ҳамда у самимийлигимиз ва қобилиятимизни синаб кўрмоқда», - дея Хитой ташқи ишлар вазиридан иқтибос келтиради Американинг CNN телеканали.

«Томонлар глобал муаммоларни ҳал қилиш ва ҳамма учун ғалаба қозониш учун халқаро ҳамкорликда етакчи ўринни эгаллаши керакми? Ёки рақобат ва қарама-қаршиликларга киришиши, ҳатто ҳамма учун йўқотиш бўладиган можарога тушиб қолиши керакми?» - деб давом этди Ван И. Шу билан бирга, у ўз мамлакатининг АҚШ билан муносабатлари «барқарорлаша бошлаганини» таъкидлади. 

Хитойнинг «Синхуа» давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, Ван Блинкенга «Хитой ўзаро ҳурмат, тинч-тотув яшаш ва ҳамкорлик тамойилларига амал қилади ҳамда Хитой-АҚШ муносабатларининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш тарафдори», деди. 

Қўшма Штатлар ҳарбий мақсадга эга бўлиши мумкин бўлган юқори технологияли товарларни Хитойга экспорт қилиш устидан назоратни жорий қилди, шунингдек, Хитойнинг юқори технологияли айрим тармоқларига Америка сармоясини чеклаяпти. Вашингтон бу чора-тадбирлар миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш учун зарур деб ҳисоблайди, Пекин эса уларни Хитой тараққиётини «бостириш»га уриниш сифатида баҳолайди. 

Украинадаги уруш ва Тайванга босим юзасидан Хитойни танқид қилиш 

Хитой АҚШнинг технология соҳасида ёки Россиянинг Украинага қарши уруши муносабати билан Хитой компанияларига нисбатан қўллаган санкцияларидан ғазабда, дея тушунтирди dpa. «Шу билан бирга, Вашингтон Хитойнинг таъсиридан хавотирда ва, хусусан, яқинда Хитой концерни Bytedance АҚШда ўзининг TikTok иловасидан воз кечишга мажбур бўладиган қонунни қабул қилди. Ғарбнинг бошқа давлатлари Хитойни Украинага қарши урушда Россияни қўллаб-қувватлаётгани ва Тайванга ҳарбий таҳдидлари учун танқид қиляпти», — дейилади хабарда.

Энтони Блинкеннинг Хитойга сафари унинг АҚШ Давлат департаменти раҳбари сифатидаги фаолияти давомида иккинчи ташриф бўлди. 24 апрел куни у Шанҳайда Шанҳай партия қўмитаси котиби Чен Жининг билан учрашди ва шу шаҳардаги Ню-Йорк университетига ҳам ташриф буюрди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид