Жаҳон | 14:23 / 27.04.2024
6701
3 дақиқада ўқилади

Россия яна Украинанинг энергетика инфратузилмасига ҳужум қилди

Украина Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, Россия Днипропетровск, Ивано-Франкивск ва Лвив вилоятларидаги энергетика инфратузилмаси объектларига ҳужум қилган.

Фото: Украина фавқулодда вазиятлар хизмати

27 апрел, жумага ўтар кечаси Россия Украинадаги бир қатор энергетика инфратузилмаси объектларига, жумладан Днипропетровск, Ивано-Франкивск ва Лвив вилоятларида ҳужум уюштирди. «Объектлардан бирида смена бошлиғи жароҳат олди - энергетикда контузия. Зарбалар оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлар давом этмоқда», деб хабар берди Украина энергетика вазири Герман Галушченко Telegram-каналда.

Ўз навбатида, «Инсайдер UA» интернет-нашри «ДТЭК»нинг 4 та иссиқлик электр станциясига ҳужум қилингани, «ускуналар жиддий шикастлангани, жабрланганлар борлиги» ҳақида ёзмоқда. 

Днипропетровск вилоятининг Днипровский ва Криворожский туманларида энергетика иншоотлари шикастланган. «Бир неча ёнғин содир бўлди. Эркак жароҳат олди, у касалхонага ётқизилди», деди вилоят ҳарбий бошқармаси бошлиғи Сергей Лисак. 

Харкивдаги шифохона яқинига зарба

Харкив мэри Игор Терехов Telegram’да Россиянинг тунда шаҳарга ҳужуми чоғида ракеталар тиббиёт мажмуаси яқинига келиб тушгани ҳақида хабар берди. Ўша пайтда биноларда «мингдан ортиқ одам бор эди - 900 бемор ва икки ярим юз ходим», - дея қўшимча қилди Терехов. 

«Яхшиямки, ракеталар тиббиёт муассасаси биноларига эмас, ерга тегди - акс ҳолда қурбонлар ва жароҳатланганлар сонини тасаввур қилиш қийин бўларди. Бир киши яраланган, даражаси - енгил», - деб ёзади мэр. Шу билан бирга, портлаш тўлқинидан бир нечта бинолар зарар кўрган: «дераза ойналари синган, томлар, электр тармоқлари, сув таъминоти ва бошқа коммунал тармоқларга зарар етган», дейилади постда. 

27 апрелга ўтар кечаси Украина ҳаво кучлари Россиянинг Украинадаги нишонларга қарши бир қанча ракета учирилишини қайд этди. Бошқа нарсалар қаторида Черниҳив, Киев, Харкив, Херсон ва Днипропетровск вилоятлари осмонида ракеталар ҳақида огоҳлантиришлар эълон қилинди. «Кинжал» ракеталарининг учирилиши Украина ғарбий вилоятлари йўналишида қайд этилган.

Украина қуролли кучлари хабарларига кўра, Россия ракеталари йўналишини кўп бора ўзгартирган. Тревога соат 05:46 да бекор қилинди.

Мавзуга оид