Спорт | 13:12 / 30.04.2024
15586
5 дақиқада ўқилади

Левандовски 3 та гол уриб, «Реал»нинг чемпионлигини кечиктирди

«Валенсия» билан ўйин тақдирини дарвозабон четлатилиши ва ҳакам қарорлари ҳал қилди.

Фото: MANUEL QUEIMADELOS/GETTY IMAGES

Тер Стеген голга сабабчи бўлди, Мамардашвили биринчи бўлимдаёқ қизил олди

Ла лига. 33-тур
«Барселона» — «Валенсия» 4:2
Голлар:
Лопес (22), Левандовски (49, 82, 90+3) — Дуро (27), Пепелу (38, пеналти).
«Барселона» – тер Стеген, Кунде, Араухо, Кубарси (Мартинес, 46), Жоау Канселу (Ферран Торрес, 80), Кристенсен (Серхи Роберто, 46), Гундўған, Лопес (Педри, 73), Рафиня (Жоау Феликс, 66), Ямал, Левандовски.
«Валенсия» – Мамардашвили, Терри Коррейя, Москера, Гасоровски, Хесус Васкес, Пепелу, Герра (Гилямон, 71), Алмейда (Доменек, 51), Петер Федерико (Ўзкажар, 79), Дуро (Мари, 70), Диего Лопес (Канос, 79). 
Огоҳлантириш: Кубарси (42).
Четлатиш: Мамардашвили (45+4).

«Барселона» Фермин Лопеснинг бош билан урган голидан кейин ҳисобни очганди, аммо беш дақиқа ўтиб Уго Дуро мувозанатни тиклади.

Вазият хавфли эди, аммо критик даражада эмасди: тўп жарима майдонини тарк этиб чиқиб келган Марк-Андре тер Стегеннинг оёқларига юмалаб бораётганди, аммо Дуро уни прессинг қилди.

Германиялик посбон техник йўл билан ҳимоячига пас бермоқчи бўлди – аммо тўпни олдириб қўйди. Дуро ҳаводаги тўпни кўкраги билан ўзига мослаб олди ва бўш қолган дарвозани ишғол этди.

Кўп ўтмай «Валенсия» олдинга чиқиб олди – Пепелу Роналд Араухо томонидан Петер Федерикога ишлатилган фол учун белгиланган пеналтини аниқ ижро этди. Аммо меҳмонлар учун биринчи бўлим охирида барчаси ўзгариб кетди.

Георгий Мамардашвили ҳам жарима майдони ташқарисида муваффақиятсиз ҳаракат қилди: у ортга узатилган пасдан кейин тўпни қабул қила олмади ва Ламин Ямалнинг прессинги остида қўл билан ўйнади.

Ҳакам қоида бўйича тўғри қарор қабул қилди – дарвозабон жарима майдони ташқарисида тўпни қўл билан тўхтатиши учун қизил карточка берилади.

Захира дарвозабони Жауме Доменек Андре Алмейду ўрнига тушди, бу унинг Ла Лига жорий мавсумидаги дебютига айланди. У январ ойида кубок ўйинларида икки бор ўйнаганди (бу ўйинларда 2:1 ва 1:3 ҳисоблари қайд этилган).

Ва «Валенсия» Барселонада барибир танаффусгача 2:1 ҳисобини сақлаб қолди. Аммо иккинчи бўлимни тўлиқ ўн киши бўлиб ўтказишга тўғри келарди.

Барчасини Левандовскининг ҳет-триги ҳал қилди

Иккинчи бўлим бошлангани ҳақидаги ҳуштакдан атиги тўрт дақиқа ўтди – ва Роберт Левандовски бурчакдан узатилган тўпни дарвоза тўрига йўллади. Бурчак зарбаси ижро этилишидан олдин телевизорда VAR «Барселона» жарима майдонида фол ишлатилгани эҳтимолини текшираётгани кўрсатилди, аммо Иниго Мартинес тўпга ўйнагани ойдинлашди.

Ҳолатнинг бошқа ракурсида ҳам бу елкама-елка кураш бўлганини кўриш мумкин.

Бурчак зарбасидан эса «Барса» гол урди – «Валенсия» футболчилари VAR вазиятга аралашишини сўраб, бу ҳолатда Фермин Левандовски зарба бераётганида офсайдда тургани ва дарвозабонга халал берганини айтишди.

Аммо гол инобатга олинди.

82-дақиқада эса Левандовски ғалаба голини урди – бурчак зарбаси ижро этилганида биринчи бўлимда пеналтига сабабчи бўлган Араухо ассист узатиб, ўз айбини ювди. «Барселона» шу куни 15 марта бурчак зарбасини ижро этди («Валенсия»да фақат 1 та) ва иккитасида гол урди.

Қўшиб берилган дақиқаларда эса Роберт жарима зарбасини аъло даражада ижро этиб, ҳет-трикни расмийлаштирди. «Валенсия»нинг захира дарвозабони учта гол қўйиб юборди – барчасини полшалик ҳужумчидан. «Барса» – 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Левандовскининг ла лигадаги голлари сони 16 тага етди. Тўпурарлар пойгасида пешқадамлик қилаётган Артём Довбиккача яна учта гол қолмоқда. Бу ҳет-трик – поляк учун Ла Лигада биринчиси ва «Барса»даги иккинчиси. Клуб сафидаги илк ҳет-трик 2022 йил сентябрида урилганди – ўшанда «Барселона» Чемпионлар лигасида «Виктория»ни 5:1 ҳисобида мағлуб этди.

* * *

«Барселона» бу ғалабадан кейин турнир жадвалида «Жирона»ни қувиб ўтиб, иккинчи ўринга чиқди, шу билан бирга «Реал»нинг чемпионлигини ортга сурди. Кейинги турда Каталония дербиси ўтказилади, жамоаларнинг ўтган йил декабрида биринчи давра учрашувида Хави жамоаси 2:4 ҳисобида мағлуб бўлганди, энди жамоада қасос олиш ва иккинчи ўринни мустаҳкамлаш имконияти бор. «Валенсия» навбатдаги турни ўртамиёна «Алавес»га қарши ўтказади – жамоа ҳамон еврокубокларга йўлланма берувчи ўринлар учун курашмоқда.

Мавзуга оид