07:36 / 03.05.2024
2251

«Газпром»нинг 2023 йилдаги зарари 6,4 млрд евродан ошди

Россия концернининг 2023 йил учун рекорд даражада йўқотишининг асосий сабаби Украинадаги уруш туфайли Европа Иттифоқига газ етказиб беришнинг қисқариши бўлди.

Фото: Петр Ковалев / ТАСС

2 май, пайшанба куни эълон қилинган компания ҳисоботида айтилишича, 2023 йил охирида Россия давлат концерни «Газпром»нинг соф зарари 629 миллиард рублни (6,44 миллиард евро) ташкил этди. Бу компания тарихидаги энг ёмон натижадир. Ҳужжатга кўра, «Газпром»нинг 2023 йилдаги умумий даромади 2022 йилдаги 11,6 триллионга нисбатан 8,6 триллион рублни ташкил қилган.

Мутахассислар фикрича, Россия газ монополистининг рекорд даражада йўқотиши асосий сабаблари Украинадаги уруш туфайли Европа Иттифоқига газ етказиб бериш кескин қисқариши (2022 йилга нисбатан 56 фоизга) ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш солиғини (ФҚҚС) қўшимча ошириш орқали компанияга молиявий юк ортишидир.

Россия газининг Хитойга экспорти ортиши «Газпром» йўқотишларини қопламайди 

2023 йилда «Газпром» Хитойга «Сибир қудрати» қувури орқали 22,7 миллиард куб метр газ етказиб берди. Бу йил Россия газининг Хитойга экспорти ҳажми 38 миллиард куб метргача ошиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Москва ва Пекин яна бир қувур – «Сибир қудрати-2»ни яратиш бўйича музокаралар олиб бормоқда, агар у ишга туширилса, Россия Федерациясидан Хитойга газ етказиб бериш ҳажми 98 миллиард куб метргача ошиши мумкин. Аммо бу ҳажм Россия Украинадаги уруш бошланишидан олдин Европага етказиб берган ресурсининг ярмига тенг бўлади. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи давлатлари Россия гази учун Хитойга қараганда кўпроқ тўлаган.

Ўз навбатида Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари иккинчи қишни «Газпром» газисиз муваффақиятли ўтказмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2024 йил март ойи бошига келиб Европа ерости газ омборлари (ЕГО) 63 фоизга тўлган, газ тежаш эса 100 миллиард куб метрдан ошди.

Шу билан бирга, Россия ҳукумати газ соҳасидаги инқироз фонида газ тарифларини кескин оширмоқда. Хусусан, 2024 йилнинг июлидан улар 11,2 фоизга, 2025 йилнинг июлидан эса яна 8,2 фоизга ошади. Шу тариқа, икки йил ичида Россия Федерацияси фуқаролари учун газ нархи 20 фоизга, Украинада уруш бошланганидан бери эса 34 фоизга қимматлашади.

Top