Қозоғистон ИИВ собиқ раҳбари Турғумбаев икки ойга ҳибсга олинди
2022 йилги тартибсизликлар бўйича тергов доирасида қўлга олинган Қозоғистоннинг собиқ ички ишлар вазири икки ойга ҳибсга олинди. Ерлан Турғумбаев ўз ваколати ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда гумонланмоқда.
Қозоғистоннинг собиқ ички ишлар вазири Ерлан Турғумбаев ушланганининг эртасига суд қарори билан ҳибсга олинди. Республика Бош прокуратурасининг 2 май, пайшанба куни эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, 30 апрел куни Остона ихтисослаштирилган тергов суди собиқ вазирга нисбатан икки ой муддатга ҳибсга олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга рухсат берган.
Матбуот учун хабарда қайд этилишича, Турғумбаевнинг ҳибсга олинишига оид бошқа маълумотлар Қозоғистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 201-моддасига мувофиқ ошкор этилмайди, унда терговга қадар суриштирув маълумотларини очиқлашга йўл қўйилмайди.
Ерлан Турғумбаев 29 апрел куни қўлга олинди. Ушлаш «2022 йил январ ойи воқеалари бўйича жиноий ишларни тергов қилиш доирасида» амалга оширилган. Турғумбаев оғир оқибатларга олиб келган ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганликда гумонланмоқда. Прокуратура «жиноят ишида давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар бор» деб, дастлабки терговнинг бошқа маълумотларини ошкор этмади.
Турғумбаев Қозоғистон Ички ишлар вазирлигини 2019 йил февралидан бошқарган ва январ воқеаларидан кўп ўтмай – 2022 йилнинг 25 февралида ишдан бўшатилган эди. Кейин, тахминан, олти ой давомида, 2022 йил 17 августгача у президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг маслаҳатчиси, 2013 йилдан эса - Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) маслаҳатчиси сифатида қайд этилган.
2022 йил январ ойида Қозоғистондаги намойишлар
2022 йил бошида Қозоғистон жануби-ғарбидаги Жанаўзен шаҳрида газ нархи ошишига қарши митинглар бошланди. Намойишлар тез орада бутун мамлакат бўйлаб иқтисодий ва сиёсий талаблар билан оммавий норозилик намойишларига айланди. Баъзи вилоятларда 5 январга ўтар кечаси маъмурий бинолар, полиция бўлимлари ва дўконларга ҳужумлар уюштирилди. Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри - Олмаота энг кўп зарар кўрди.
Расмий маълумотларга кўра, тартибсизликлар давомида 225 киши, жумладан, 19 ҳуқуқ-тартибот идораси ходими ҳалок бўлган, 4500 дан ортиқ киши жароҳатланган. Биргина собиқ пойтахтнинг ўзида норозилик намойишлари ва тартибсизликлар бўйича 2700 дан ортиқ одам қўлга олинган. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди. 6 январ куни унинг илтимосига кўра, «террорчилик таҳдидини енгиш» учун қуролли контингент Қозоғистонга етиб келди. Январ ойи ўрталарида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти қўшинлари бўлинмалари Қозоғистонни тарк этди.
2023 йил мартида Қозоғистонда собиқ мудофаа вазири Мурат Бектановга нисбатан 2022 йил январидаги қонли тартибсизликлар бўйича айблов ҳукми чиқарилган эди. У жанговар вазиятда мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор деб топилиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилди. 2023 йил 24 апрел куни Остона жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раиси Карим Масимовни 18 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Мавзуга оид
12:47 / 22.11.2024
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
12:33 / 21.11.2024
Қозоғистон ҳолдинги Ўзбекистондан 169 нафар мутахассисни иш билан таъминлайди
16:29 / 19.11.2024
Қозоғистонда магистрал йўлда ўртача тезликни оширганлар жаримага тортилади
20:59 / 18.11.2024