Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ ва НАТО Германия ва Чехияга қилинган ҳакерлик ҳужумларини қоралади
Европа Иттифоқи киберҳужумларга жавобан барча мавжуд воситаларни ишга солишга тайёр, дея таъкидлади Брюссел. Германия ва Чехия APT28 гуруҳи ҳакерлари томонидан ҳужумларга учраганини маълум қилди.
Европа Иттифоқи Германия ва Чехияга қарши «ёмон ниятли киберкампания»ни қоралади, унда, бу мамлакатлар расмийларига кўра, россиялик ҳакерлар иштирок этмоқда. Брюссел 3 май, жума куни берган баёнотида ЕИ бундай ҳужумларга жавоб бериш учун ўз ихтиёридаги «тўлиқ имкониятлардан» фойдаланиши ҳақида огоҳлантирди.
Аввалроқ, 3 май куни Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Австралияга ташрифи чоғида Германия расмийлари 2023 йилда Германиянинг ҳукмрон Социал-демократик партияси (ГСДП) электрон почта серверига қилинган ҳакерлик ҳужуми манбасини аниқлаганини айтган эди. Германия ТИВ раҳбари сўзларига кўра, партия раҳбариятининг қатор электрон аккаунтлари бузиб кириши ортида Россия ҳарбий разведкаси билан алоқадор деб ҳисобланган APT28 ҳакерлик гуруҳи турибди.
Шу билан бирга, Бербок бу ҳужум оқибатларсиз қолмаслигига ваъда берди. Кейинроқ Германия Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Берлиндаги элчихонаси муваққат ишлар вакили ҳакерлар можароси юзасидан ТИВга чақирилганини маълум қилди.
Ўз навбатида, Чехия Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатдаги бир қатор сиёсий тузилмалар ҳам 2023 йилдан буён россиялик ҳакерлар ҳужумига учрагани ҳақида баёнот берди. Ташқи ишлар вазирлиги таъкидлаганидек, APT28 гуруҳи ҳужумчилари Microsoft Outlook электрон почта дастуридаги заифликдан фойдаланган.
Россиядан Германия ва Чехияга қарши киберҳужумлар ҳақидаги хабарларга НАТО муносабати
НАТО, шунингдек, Германия ва Чехия билан ушбу мамлакатларни нишонга олган киберҳужумларнинг янги далиллари асосида бирдамлик билдирди.
«Иттифоқчилар Германия ва Чехия ўз мамлакатларидаги зарарли киберфаолият учун жавобгарликни таҳдидга эга Россия ҳомийлигидаги APT28 гуруҳи, хусусан, Россия Қуролли кучлари Бош штаби бош бошқармаси зиммасига юклаганини тан олади. Иттифоқчилар, шунингдек, худди шу таҳдид солувчи бошқа миллий давлат идоралари, муҳим инфратузилма операторлари ва иттифоқдаги бошқа ташкилотларга, жумладан, Литва, Полша, Словакия ва Швецияга ҳужум қилганини хавотир билан қайд этади», — дейилади 3 май куни НАТО сайтида эълон қилинган баёнотда.
«Биз демократик институтлар, миллий хавфсизлик ва эркин жамиятларимизга путур етказишга қаратилган зарарли киберҳаракатларни кескин қоралаймиз», дея баёнот берди НАТО.