Жамият | 17:07 / 08.05.2024
98490
8 дақиқада ўқилади

Бадавлат аёлнинг сўнгги туни – Деновдаги мудҳиш қотиллик тафсилоти

Мазкур жиноят бўйича суд ҳукми ўқилганига бир неча кун бўлди. Аммо унинг тафсилотлари бир неча ойдан бери бутун Сурхондарё бўйлаб турли тахмин-у ёлғонларга қоришиб, оғиздан оғизга кўчиб юрганди гўё. Сабаби ўз хонадонида ваҳшийларча ўлдириб кетилган тадбиркор аёлни кўпчилик танирди. Қотилнинг кимлиги аниқ бўлганида эса одамларнинг ҳайрати янада ошди. Негаки, эл оралаган гапларнинг ҳаммаси ҳам тўғри эмасди. 

“Ўтиринг, куёв”

2023 йилнинг 13 сентябр куни Деновда дабдабали тўй бўлади. Анча йиллардан бери улгуржи нархда цемент савдоси билан шуғулланиб келадиган тадбиркор аёл Салия Набиева қизини турмушга узатади.

Айрим ҳудудларда, жумладан Сурхондарёда ҳам никоҳ тўйи маросимларида қизиқ одат бор: кўёвжўралар билан келинни олиб келгани борган куёв келинникида ўтирмасдан тик оёқда туради. Шунда қизнинг онаси ёки дадаси келиб, куёвга бирор мулк атайди ва “Ўтиринг, куёв” дейди. Куёв ўтирмаса, аталган нарсага яна қўшилади. Бу шунчаки одат: кимдир куёвига атаганини кейинчалик имкониятидан келиб чиқиб олиб беради, кимдир эса йўқ.

Тадбиркор аёл ўтирмаётган куёвига қарата “Тошкент шаҳридан битта ва Деновдан битта уй ҳамда топганимнинг 40 фоизи куёвимники. Ўтиринг, куёв” дейди. Тошкент шаҳридан учта, Сурхондарёнинг ўзида бир нечта уйлари ҳамда кўплаб кўчмас мулклари бўлган аёл бу гапни шунчаки айтмаганди, у ростдан ҳам атаган мулкларини куёвига бермоқчи эди.

Жанозага келмаган она

Тўй бўлиб ўтади. Бир ўғли ва бир қизи бўлган тадбиркор аёл куёвини чиндан ҳурмат қилар ва ўз ўғли каби яхши кўрарди.

2023 йил 30 ноябр куни тадбиркор аёлга куёвининг отаси вафот этгани хабари келади. Бу вақтда куёви иш билан Тошкент шаҳрига кетганди.

Соат 21:30ларда Салия Набиева ўғли Умиджон Аманқулов билан қудасининг уйига боради. Марҳумнинг яқинларига таъзим билдириб, қизига кўп йиғламасликни, бу ҳолат ҳомиласига таъсир қилиши мумкинлигини айтади.

“Куёвим билан гаплашдим, сени уйга олиб кетишимни айтганди. Ўзи ҳам йўлга чиқибди. Жаноза эртага, етиб келади унгача” дейди аёл. Бироқ қизи кетишга кўнмайди ва аҳволи яхшилигини билдириб, қолишини айтади. Шу тариқа аёл эрталаб жанозага келишини айтиб, ўғли билан уйига қайтиб кетади.

 Икки ойлик келин ярим тунда Тошкент шаҳридан қайтаётган турмуш ўртоғидан қаерга келганини бир неча бор сўрайди. Биринчисида Самарқандга, иккинчисида Қаршига етиб келишганини билдиради куёв. Шу билан тонг отади, жанозага ҳозирлик бошланади. Марҳумнинг барча яқинлари, қўни-қўшнилар, қишлоқ аҳли жанозага кела бошлайди.

Аммо келиб-кетувчилар орасида тадбиркор қуда кўринмасди. Келин акасига қўнғироқ қилиб, онаси билан келиб, жанозага қатнашишини айтади. Акаси гапни қисқа қилиб, хўп деб қўяқолади.

Келин онасини кўп кутади, бироқ аёл жанозага келмайди...

Тундаги қотиллик

Қиз онаси нега таъзияга келмаганига ҳайрон эди. Жанозага келган одамлар бироз камайгач, қайнонаси унинг ёнига келади ва сабрли бўлишини, онаси ҳам вафот этганини айтади. Шунда қиз онаси тунда пичоқлаб ўлдирилганини билади. Бу хабарни эшитиш у учун даҳшатли эди.

Тадбиркор аёл ўз ётоқхонасида ваҳшийларча пичоқлаб ўлдирилганди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тезкор тергов ҳаракатлари бошланади. 

Қотил ким?

Жиноят хабарини эшитган кўпчиликни шу савол ўйлантирарди. Куёвмикан, дея тахмин қиларди кўпчилик. Аммо қўли қонга ботган қотил на куёв, на бошқа одам, балки аёлнинг ўз ўғли эди.

2000 йилда туғилган, икки фарзанднинг отаси бўлган Умиджон Аманқулов доим онаси билан мулк масаласида тортишиб юрарди. “Шунча уйингиз, мулкингиз бор, аммо бирортасини менинг номимга ўтказиб бермагансиз”, дерди у. Ўғлига ишонмаган аёл эса индамай қўяқоларди.

Синглисини турмушга узатгач, онасининг куёвга нисбатан меҳрибонлиги ўғилни ўйлантира бошлайди. Бунинг устига онаси Тошкент шаҳридаги учта квартирадан биттасини куёви номига ўтказиб бериш ҳамда янги машина совға қилиш ҳаракатига тушганди. Бу эса ўғилни яширин жиноий режа тузишга ундаганди.

Қўли қонга ботган ўғил

Қудасининг уйидан қайтаётган тунда она ва ўғил йўлда яна тортишиб қолади.

“Уйни куёвингиз номига ўтказиб бермайсиз. Унга машина ҳам олиб бермайсиз” дейди ўғил. Аёл эса рад жавобини айтиб, шундай қилишини билдиради.

Жанжал уйга келгач яна давом этади: Умиджон онасининг хонасига кириб, менинг номимда нега мулк йўқ, мен кўчада қолайми, дея тортишувни давом эттиради. Онаси эса бу масалани эрталаб гаплашишини айтади.

Бу бадавлат аёлнинг сўнгги туни эди: мол-мулкни бегонага бериб юбораётганидан жаҳли чиққан ўғил онасини ўлдириш ва бу ишни куёви бўйнига қўйиб, жамики мулкка эга чиқишни режа қилади. У ушбу жиноий режасини амалга ошириш мақсадида ўша туннинг ўзидаёқ – соат 2:00ларда пичоқ кўтариб, онасининг хонасига киради. Бу пайтда онаси ухлаб ётганди.

Қотил ўғил ўз онасига 3-4 марта пичоқ уради. Кейин уни ўлган деб ўйлаб, қўшни хонага ўтаётганида ичкаридан овоз эшитилади. Қайтиб кирса, онаси ўрнидан туришга ҳаракат қилаётганлигини кўради. У онасининг бўйин соҳасига яна 3-4 марта пичоқ билан зарба беради ва уни шу тариқа қасддан ўлдиради. Сўнгра қотил аввалига пичоқни, ўғил қон сачраган кийимларини ювиб қўяди. У жиноят изларини яширишга киришганди.

Умиджон Аманқулов атрофда гўёки онасини бошқа одам ўлдириб кетгандек тасаввур уйғотиш мақсадида ҳеч нарса кўрмагандек турмуш ўртоғининг олдига кириб ётади.

Хато

Ўғил қотиллик қилиб, ҳаммани чалғита олиши қийин эди. Тергов ходимлари ишни ўрганишни бошлаши билан ундан шубҳалана бошлайди. Сабаби, у хато қилганди.

Эрталаб ҳеч нарса бўлмаганидай тез тиббий ёрдамга телефон қилади.

Судда гувоҳ сифатида сўралган қўшниси шундай кўрсатма берган:

“Салия опанинг уйи билан уйимизни бир йўл ажратиб туради. 2023 йил 30 ноябрдан 1 декабрга ўтар кечаси одатдагидек ётиб ухладим. Бирор шовқин ёки жанжални эшитмадим. Эрталаб соат 7:00ларда бомдод намозини ўқиб, уйдан чиқдим. Қарасам кўчамизга профилактика инспекторининг машинаси ва тез тиббий ёрдам машинаси кириб келаётган экан. Уларни Умид кутиб турарди. Ундан нима бўлганини сўрадим. Умид “онамни кимдир пичоқлаб кетибди”, деди. Лекин онаси ўлганлигини айтмади. Унда ачиниш ёки йиғлаганлик ҳолатини кўрмадим, одатда қандай юрадиган бўлса, ўзини шундай тутиб турганди”.   

 Ҳа, айнан мана шу ҳолат – юзида ачиниш ёки мусибат йўқлиги унга бўлган шубҳаларни ошириб юборганди. Кейинчалик унинг қилмиши кўплаб экспертиза хулосалари, гувоҳларнинг кўрсатмалари билан ўз тасдиғини топади.

Жазо

2024 йилнинг 1 май куни жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман судида мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Умиджон Аманқулов Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг “в,и” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Суд ҳукми билан унга нисбатан 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Руслан Сабуров,
Kun.uz
Суд ҳужжатлари асосида тайёрланди.

Мавзуга оид

Эълонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Yandex Uzbekistan Ўзбекистонда эндиликда бизнес мулоқотларини амалга ошириш учун Юлдуз ва Лола овозларини тақдим этди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Yandex Uzbekistan Ўзбекистонда эндиликда бизнес мулоқотларини амалга ошириш учун Юлдуз ва Лола овозларини тақдим этди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди