Жаҳон | 09:34 / 08.05.2024
2204
2 дақиқада ўқилади

Лондон Британия Мудофаа вазирлигига киберҳужум ҳақида маълум қилди

Киберҳужум 272 минг британиялик ҳарбий хизматчининг банк маълумотларига таъсир қилиши мумкин. Мудофаа вазири Шэппснинг айтишича, ҳужум нишони иш ҳақи тизими оператори бўлган.

Фото: Simon Belcher/imagebroker/IMAGO

Британия Мудофаа вазирлиги ҳакерлар ҳужуми қурбонига айланди. Британия бош вазири Риши Сунак сешанба куни Лондонда журналистларга айтишича, «душман қуролли кучларнинг маош тизимига киришга муваффақ бўлган» деган аломатлар бор. Бироқ у ОАВда киберҳужум ортида Хитой тургани ҳақидаги хабарларни тасдиқламади.

Ўз навбатида, мудофаа вазири Грант Шэппс парламентда сўзлаган нутқида ҳар қандай давлат иштирокидаги киберҳужумни инкор этиб бўлмайди, деди. Бироқ у гап қайси давлат ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади. Шэппс иш ҳақи тизими оператори SSCL томонидан эҳтимолий хатолар ҳақида далиллар мавжудлигини айтди. Улар ҳарбий хизматчилар ва фахрийларнинг банк маълумотларига кириш ҳуқуқига эга бўлган жиноятчиларга қулайлик яратиши мумкин, дея қўшимча қилди Мудофаа вазирлиги раҳбари.

272 минг ҳарбий хизматчининг шахсий маълумотлари

Шэппс депутатларга, шунингдек, сизиб чиқиш 272 000 ҳарбий хизматчининг маълумотларига таъсир қилиши мумкинлигини айтди. Текширув бошланди ва келгусида шунга ўхшаш ҳодисалар хавфини минималлаштириш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари, вазир хавфсизлик нуқтайи назаридан бошқа тафсилотлар ҳозирча ошкор этилмаслигини билдирди.

Шу билан бирга, Sky News хабарига кўра, ҳужумнинг мақсади хизмат кўрсатувчи провайдер бўлиб, барча ҳарбий хизматчилар ва айрим фахрийларнинг банк маълумотлари хавф остида қолган. Шу билан бирга, телеканал хабарига кўра, Британия ҳукумати Хитойни ҳужумни амалга оширганликда гумон қилмоқда.

Politico хабарига кўра, тахминан 270 минг кишига тегишли маълумотлар, бир неча минг ҳолларда исмлар ва банк реквизитлари, шунингдек, уй манзиллари ўғирланган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид