Жаҳон | 10:44 / 09.05.2024
4644
3 дақиқада ўқилади

Олигарх Коломойский қотилликни ташкиллаштиришда айбланди

Украинада тадбиркор 2003 йилда адвокатни ўлдиришга уринишда гумон қилинмоқда. Ички ишлар вазирлиги унинг фамилиясини очиқламади, бироқ ретушланган суратини чоп этди. ОАВ гап Коломойский ҳақида кетаётганини таъкидламоқда.

Фото: Telegram / UA_National_Police

Украиналик олигарх Игор Коломойский 20 йилдан кўпроқ вақт олдин буюртма асосида қотилликни ташкил этганликда гумон қилинмоқда. Украина Миллий полицияси Бош тергов бошқармаси терговчилари таниқли тадбиркорга нисбатан гумон борлигини маълум қилди, бу ҳақда Украина Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратураси 8 май, чоршанба куни унинг исмини очиқламасдан хабар берди. Баёнотда Коломойский экани тахмин қилинаётган қисман ретушланган фотосурат чоп этилган. Украина ОАВ гап айнан у ҳақида кетаётганини ёзмоқда.

Баёнотда айтилишича, 2003 йил август ойида Феодосия марказида «тўрт киши адвокатни шафқатсизларча калтаклаган ва пичоқлаган», унинг ҳаёти шифокорлар томонидан сақлаб қолинган. «Жиноят жиноий гуруҳ аъзоларининг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра якунланмай қолган», — дейилади Бош прокуратура хабарида.

Мотив - ноқонуний битимда ҳамкорлик қилишдан бош тортиш

Ушбу маълумотларга кўра, гумонланувчи қотилликни содир этиш учун «оғир ва ўта оғир жиноятлар, жумладан, рақобатчиларга нисбатан жисмоний зўравонлик қилишга «ихтисослашган» жиноий гуруҳ аъзоларини жалб қилган».

«Ўшанда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари буюртма асосида қотиллик содир этишга уринган шахсларни қўлга олди. Энди полиция буюртмачининг шахси бўйича далилларни аниқлади», - дейилади хабарда. Идорага кўра, 2023 йил сентябридан буён ҳибсда сақланаётган тадбиркор 2003 йилда адвокатни ўлдиришга буйруқ берган, у ноқонуний битим бўйича ҳамкорлик қилишдан бош тортгани учун ундан ўч олмоқчи бўлган.

Коломойский иши

Игор Коломойский 2023 йил сентябр ойи бошида ҳибсга олинган ва ўшандан бери ҳибсда сақланмоқда. «СБУ» тадбиркор фирибгарликда ва жиноий йўл билан қўлга киритилган мулкни қонунийлаштиришда гумон қилинаётгани ҳақида хабар берди. Тергов маълумотларига кўра, 2013 йилдан 2020 йилгача Коломойский назорат остидаги банк тузилмалари орқали хорижга 0,5 миллиард гривнадан (14 миллион доллар) ортиқ маблағ олиб чиқиб кетган. Ҳибсга олинганидан бир неча кун ўтгач, Коломойскийга «Приватбанк» маблағларидан 9,2 миллиард гривнани «олиб чиқиб кетиш» бўйича иккинчи айблов қўйилди, кейин эса 5,8 миллиард гривна юзасидан учинчи айблов илгари сурилди. Киевнинг Шевченко туман суди Коломойскийнинг мулкини хатловга олди.

Forbes Коломойскийнинг бойлигини 1 миллиард долларга баҳолаган. «Приватбанк»дан ташқари, «Укртатнафта» нефтни қайта ишлаш компанияси ва «Укрнафта» нефт-газ компанияси ҳам унинг активи эди - улар ҳам миллийлаштирилди. 2014-2015 йилларда Коломойский Украинанинг Днепропетровск вилояти губернатори лавозимида ишлаган. 2019 йилги президентлик сайловларида Игор Коломойский Володимир Зеленскийни қўллаб-қувватлаган, натижада у Украина президенти лавозимини эгаллаган.

Мавзуга оид