19:06 / 14.05.2024
7181

GPT-4o бепул сунъий интеллект модели тақдим этилди 

У нутқ, матн, видео билан ишлайди ва аудиога 320 миллисекундда жавоб беради. 

Фото: OpenAI

OpenAI компанияси GPT-4o генератив сунъий интеллектга эга тил моделининг янги версиясини тақдим этди. У нутқ, матн, видео билан ишлайди ва аудиога 320 миллисекундда жавоб беради, буни эса суҳбатдошнинг реакция вақти билан тақослаш мумкин. GPT-4o атамасидаги «о» ҳарфи «omni»ни (кенг қамровли) англатади. 

«GPT-4o овоз, матн ва видео билан ишлай олади. Ва бу ниҳоятда муҳим, чунки биз машиналар ва одамлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар келажагини кўриб чиқмоқдамиз», деди OpenAI техник директори Мира Мурати 13 май куни Сан-Францискода ўтказилган тақдимотда. 

GPT узоқ вақтдан бери овозли режимни таклиф қилаётган эди, бироқ GPT-4o фойдаланувчиларга ChatGPT билан ёрдамчи сифатида мулоқот қилиш имконини бериб, ушбу хусусиятни сезиларли даражада яхшилаши таъкидланмоқда. 

Модел реал вақт режимида фойдаланувчининг овозли буйруқларига жавоб беради ва овоздаги оҳангни илғай олади, жавобни эса «турли эмоционал услублар» билан, жумладан, қўшиқ орқали бериши мумкин. Янги модел 50 та тилда равон сўзлашади. 

GPT-4o фойдаланувчилар учун 13 майдан бошлаб ишга туширилди. Аммо чекланган овозли функциялардан «ишончли ҳамкорларнинг кичик гуруҳи» келгуси ҳафтадан бошлаб фойдаланиши мумкин. Пуллик обуначилар учун бу имконият июн ойида берилади. 

Top