09:20 / 16.05.2024
1598

ЕИ кенгаши Россия ташвиқотига қарши санкциялар бўйича келишиб олди

Европа Иттифоқи элчилари Россияга алоқадор Voice of Europe портали, шунингдек, РИА «Новости», «Российская газета» ва «Известия» нашрларига қарши санкцияларни маъқуллади.

Фото: Pond5 Images/IMAGO

Европа Иттифоқи давлатлари Россия пропагандасига қаратилган янги санкциялар бўйича келишувга эришди. 15 май, чоршанба куни Брюсселда бўлиб ўтган йиғилишда Европа Иттифоқи мамлакатлари элчилари Чехияда жойлашган россияпараст Voice of Europe интернет-порталини, шунингдек, Россиянинг учта оммавий ахборот воситаси - РИА «Новости», «Российская газета» ва «Известия» нашрлари фаолиятини ЕИ ҳудудида тақиқлашга розилик берди.

Тақиқ ушбу оммавий ахборот воситаларининг веб-сайтларига киришга таъсир қилади, деб хабар беради мустақил матбуот. Европа Иттифоқи уларни Россиянинг Украинага қарши давом этаётган уруши фонида «рус ташвиқотини» тарқатишда айблайди. Эндиликда бу санкциялар ёзма тартиб орқали расман тасдиқланади, дея хабар беради AFP дипломатларга таяниб.

Voice of Europe портали атрофидаги можаро

Европада рус пропагандаси билан боғлиқ янги можаро март ойида, Чехия ҳукумати Европада Россия давлати ташвиқотини тарқатиш ва европалик сиёсатчиларга пора бериш билан шуғулланган «Россия томонидан молиялаштирилган таъсир тармоғи» топилганини эълон қилганидан сўнг авж олди. Германиянинг Der Spiegel нашри ва Чехиянинг Denik N газетаси томонидан тафсилотлар эълон қилинди. Уларга кўра, схеманинг бир қисми Voice of Europe янгиликлар сайти бўлиб, тармоқ марказида «Мухолифат платформаси - ҳаёт учун» собиқ россияпараст Украина партияси раҳбари ва Россия президентига яқин шахс Виктор Медведчук турган.

Politico нашрининг хабар беришича, Voice of Europe орқали чиқиш қилган Европа Иттифоқининг 16 нафар депутати аниқланган, уларнинг барчаси - ўта ўнг қанот сиёсатчилари. Чехиялик журналистлар пул олувчиларнинг аниқ исмларини айтмади, лекин таъкидлашича, сайт, хусусан, «Германия учун муқобил» (ГуМ) ўнг қанот популистик немис партияси сиёсатчиси - Европа парламенти аъзоси Максимилиан Кра, шунингдек Бундестаг депутати Петр Бистрон билан интервюларни чоп этган.

Белгия бош вазири Александер де Кроо Брюсселда журналистлар билан учрашувда мамлакат федерал прокуратураси Россиянинг июн ойи бошида бўлиб ўтиши керак бўлган Европа сайловларига аралашуви юзасидан суриштирув бошлаганини маълум қилди. Белгия разведка хизматлари Европа Иттифоқининг Украинани қўллаб-қувватлашига путур етказиш мақсадида «бир қанча Европа мамлакатларида» фаолият юритаётган Россия разведка тармоғи мавжудлигини тасдиқлади, деди де Кроо.

Top