Жаҳон | 08:29 / 17.05.2024
1536
2 дақиқада ўқилади

Молдова 20 октябр куни ЕИга қўшилиш бўйича референдум ўтказади

Умумхалқ овоз бериш жараёни президентлик сайлови билан бир кунда бўлиб ўтади. Референдум натижаларига кўра, Молдова конституцияси Европа интеграциясига оид бўлим билан тўлдирилади.

Фото: Reuters

Молдова парламенти 16 май, пайшанба куни республиканинг Европа Иттифоқига қўшилиши масаласи бўйича референдумни 20 октябрга белгилади. Тегишли қарор учун 101 депутатдан 56 нафари овоз берди, мутлақ кўпчиликни ҳукмрон «Ҳаракат ва бирдамлик» (PAS) партияси вакиллари ташкил этди.

Апрел ойи ўрталарида Молдова Конституциявий суди (КС) мамлакат конституциясига киритилган қатор тузатишларни маъқуллади. Шундай қилиб, республиканинг асосий қонуни «Европа интеграцияси» бўлими билан тўлдирилади, унда «таъсис шартномаларига қўшилиш ва Европа Иттифоқининг таъсис шартномаларини қайта кўриб чиқиш актлари тўғрисида»ги модда мавжуд. Конституцияга киритилган янгиликлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси Конституциявий суд референдум натижаларини расман тан олганидан кейин кучга киради. 

Умумхалқ овоз бериш жараёни президентлик сайлови билан бир кунда бўлиб ўтади. Давлат раҳбари лавозимини 2020 йил декабридан бери Майя Санду эгаллаб келмоқда. У иккинчи муддатга президентликка номзодини қўйиш ниятида. 

Молдова ЕИга аъзо бўлиш йўлида

Молдова президенти 2022 йилнинг март ойида мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш тўғрисидаги аризасини имзолади. Бир неча ой ўтгач, республика ЕИ аъзолигига номзод мақомига эга бўлди. 2023 йил 14 декабрда икки кунлик саммитдан сўнг Европа кенгаши Кишинёв билан Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни бошлашга қарор қилди. 

Ўша ойда Санду Молдованинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича референдумни тан олинмаган Днестрбўйида ўтказиш мумкин эмаслигини айтди, чунки бу минтақа Молдова ҳукумати томонидан назорат қилинмайди. Санду Молдова 2030 йилгача Днестрбўйи билан бирга Европа Иттифоқига қўшилиши мумкинлигини тан олди, гарчи бу минтақа ҳозирда Кишинёв томонидан назорат қилинмаса ҳам. Брюссел аъзолик Днестрбўйисиз амалга ошиши мумкинлигини истисно этмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид