Жаҳон | 09:05 / 17.05.2024
1124
3 дақиқада ўқилади

Россияда SOTA media фаолияти «номақбул» деб эълон қилинди

Россия Федерацияси Бош прокуратураси SOTA media’ни Россияда воқеликни бузиб кўрсатувчи ва ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштирувчи материалларни чоп этишда айблади. SOTA ишлашни давом эттиришга ваъда берди.

Фото: РИА Новости

РФ Бош прокуратураси SOTA media ташкилотининг Россиядаги фаолиятини «номақбул» деб топди. У чоп этаётган материаллар Россиядаги ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган, дея маълум қилди департамент 16 май, пайшанба куни Москвада. Бундан ташқари, Бош прокуратура SOTA нашрлари воқеликни бузиб кўрсатиши ҳамда «жамиятда кескинлик ва ғазабни» келтириб чиқаришини даъво қилмоқда

Шу билан бирга, Москва SOTA media’ни Ғарб томонидан рағбатлантирилган ҳолда «рус жамиятининг маънавий ва ахлоқий асосларини бузиш» мақсадини кўзлаганликда айблади. Департаментга кўра, ташкилот веб-сайтида Россия ҳукумати ва РФ Қуролли кучларини обрўсизлантирадиган «мунтазам равишда тарқатилган материаллар» мавжуд. Шу билан бирга, Россия Федерацияси Бош прокуратураси SOTA media раҳбарияти «фаолияти Россияда номақбул деб тан олинган SIA TV Rain ва The Insider хорижий нодавлат ташкилотларининг кўрсатмаларига биноан ҳаракат қилмоқда» деган баёнот берди. 

Бош прокуратуранинг қарорига жавобан SOTA таҳририяти унинг «Дождь» телеканали ва The Insider нашрига, шунингдек, «Ғарб кураторлари»га алоқаси йўқлигини билдирди. «Биз, албатта, уруш ва режимга мухолифмиз ҳамда ишимизда объектив журналистик меъёрларга амал қиламиз», — дейилади Telegram’да эълон қилинган баёнотда. 

Россияда фаолияти «номақбул ташкилотлар» 

«Номақбул ташкилотлар» мақоми Россия қонунчилигида 2015 йилдан бери қонуний равишда мавжуд. Уларга Россия Федерацияси ҳудудида маъмурий ва жиноий жавобгарлик таҳдиди остида фаолият юритиш тақиқланади. Ушбу ташкилотлар билан ҳамкорлик қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган. 

Ҳозирда «номақбуллар» рўйхатида 160 га яқин ташкилот мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти Британия, Германия, АҚШ ва Украинада жойлашган. Рўйхатга охирги вақтларда «Урушга қарши феминистик қаршилик», Борис Немцовнинг Озодлик учун жамғармаси, Германиянинг Фридрих Науманн номидаги озодлик жамғармаси ва Украина фуқаролик эркинликлари маркази, шунингдек, Германия Копелев жамғармаси киритилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид