08:36 / 18.05.2024
4553

WP: Starlink Харкив яқинидаги Россия ҳужуми пайтида ўчиб қолган

Сунъий йўлдош тизимлари Украинада уруш бошланганидан бери биринчи марта ишламай қолди, деб ёзади WP. Бу рус қўшинларининг олдинга силжишини қайтаришга халақит берди.

Фото: AP

Starlink сунъий йўлдош тизимлари Россиянинг Харкив вилоятидаги ҳужуми биринчи кунида ишламай қолган. Бу ҳақда Американинг The Washington Post (WP) нашри 17 май, жума куни Украина ҳарбийларига таяниб ёзди

Журналистларнинг сўзларига кўра, бундай ўчиш Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери биринчи марта содир бўлди. У алоқани таъминлаш ва разведка учувчисиз учоқларини бошқариш учун Starlink’дан фойдаланадиган Украина Қуролли кучларига Харкив яқинидаги ҳужум пайтида рус кучларининг ҳаракатини кузатишга тўсқинлик қилди. «Бир лаҳзада биз бутунлай кўр бўлиб қолдик», деди «Артист» чақирув белгисига эга Украина Қуролли кучлари бригадаларидан бирининг қўмондони WP’га. Унинг сўзларига кўра, маълум бир вақтда дронлар «шунчаки ғойиб бўлиб қолган».

Россия армиясининг фронтдаги қисман муваффақиятига бошқа сабаблар ҳам бор

WP журналистлари ёзишича, Россия ҳарбийларининг Украина билан урушдаги маҳаллий муваффақиятлари, Starlink билан боғлиқ муаммолардан ташқари, Украина армиясига АҚШдан ёрдам етказиб беришнинг кечикиши ва аскарлар етишмаслиги билан изоҳланиши мумкин. Бундан ташқари, журналистлар фикрига кўра, Россия Қуролли кучлари фронтнинг Харкив ва Донецк йўналишларида олдинга силжиши Россия армияси «ақллироқ бўла бошлагани» ва ҳозирги уруш ҳақиқатларига мослашишни ўргангани туфайли мумкин бўлди. 

«Россиянинг янги муваффақиятлари Украина мудофааси қобилияти ҳақида ўйлашга мажбурлади», деб хулоса қилади WP. 

Россиянинг Харкив вилоятига ҳужуми 

10 май куни Россия армияси Харкив вилоятини ўққа тутишни кучайтириб, минтақага ҳужум бошлади. Россия ҳарбийлари чегарадаги бир қанча қишлоқларни босиб олишга муваффақ бўлди. AFP маълумотларига кўра, бир ҳафта ичида Россия Қуролли кучлари Украина ҳудудининг 278 квадрат километрини эгаллаб олган. Украина минтақадан тинч аҳолини эвакуация қилмоқда.

17 май, жума куни Владимир Путин Россия армияси «бугунги кунда» Харкивни эгаллашни режалаштирмаганини айтди. У ҳужум операциясини Украина Қуролли кучлари чегара ҳудудларини ўққа тутганлиги сабабли Россиянинг Украина билан чегарасида «санитар зона» яратиш истаги билан изоҳлади. 

Top