Жамият | 21:40 / 20.05.2024
7768
4 дақиқада ўқилади

Чилонзордаги “сувли” кўча: ҳокимлик ваъдасини қачон бажаради? 

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги “3-Чарх Камолон” МФЙ аҳолиси эллик йилдирки ҳар ёмғир ёғишини хавотир билан ўтказади. Сабаби, кучли ёғингарчиликда маҳалланинг айрим кўчаларига сув тошиб, чиқинди аралаш хонадонларгача кириб боради. Маҳаллий ҳокимлик 1 йил олдин бу масалани 1 ойда ҳал қилишни ваъда берганди. Аммо ҳудуд аҳолиси ваъда бажарилишини ҳамон кутиб яшамоқда. 

Чилонзор тумани 3-Чарх Камолон маҳалласидаги айрим кўчалар ҳар ёмғир ёғганида сувга тўлади. Бу ҳудудда яшовчи аҳоли учун қатор ноқулайлик ва қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Маҳалла аҳли Kun.uz’гa мурожаат қилиб, мутасаддилар томонидан берилган ваъдалар ҳануз бажарилмаганини, одамлар кучли ёғингарчиликдан қўрқиб яшаётганини билдирди.

Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, эллик йилдирки маҳалладаги кўчалар ҳар ёмғирда сувга тўлади. Айниқса, кучли ёғингарчилик пайтида Зуҳра 1-тор ва 2-тор кўчалари кесишмасида маҳалладаги Завқий, Зебунисо, Тоҳир, Хушбақт кўчаларидан йиғилган сувлар тўпланиб, аҳоли хонадонларигача кириб боради.

 “Бу ёмғирда ҳамма ёқ расво бўлиб кетяпти. Аҳвол чатоқ, ҳамма ерга сув тошиб кетмоқда. Қўшниларимизнинг уй ертўласига сув тошиб кирган, уйга кириб кетмаслиги учун эшик пастига банд қилиб ўтирибмиз. Сувга қўшилиб ахлатлар ҳам оқиб келади. Кўп гапирдик буларни, гапирмаган жойимиз қолмади, лекин барибир ижобий натижа бўлмаяпти. Ўша-ўша гап, отангга бор, онангга бор”, дейди Тоҳир Бозоров.

Кучли ёғингарчиликда канализация қувурлари дош бермайди, сув, ахлат оқиб қолади. Ариқлар пастликда жойлашгани сабабли улар оқова сувни каналга чиқариб юбора олмайди. Кўчаларда ҳаракатланиш қийинлашишидан ташқари канализацияга йўл топган оқова сувлар ундаги чиқиндиларни ҳам ташқарига босим билан чиқаради. Маҳаллада яшовчи яна бир фуқаро кучли ёғингарчиликда чиқинди ва оқова сувлар аралашиб, кўчаларда тўпланиб қолишини таъкидлади.

“500-600 та хонадоннинг суви келади, тўпланадиган жойи шу ер. Канализацияларимизгача отиб ташлайди, 10-15 дақиқа ёмғирга тўлиб кетади яна, тағин шу аҳвол. Шу қатордаги ҳамма ертўласини ёпиб ташлаган, бошқа иложи йўқ, бўлмаса, уйгача кириб кетади”, дейди Умид Ғуломов.

Ўтган йили Чилонзор тумани ҳокимлиги мутасаддилари маблағ ажратилиб, муаммо 1 ой муддатда ҳал бўлишини айтган.

Тоҳир Бозоровнинг таъкидлашича, муаммони бартараф этиш бўйича ишлар бошлангани-у, лекин охиригача етказилмаган:

“Тошкент шаҳри ободонлаштириш бошқармасидан келишди, қувурларни тозалагандек бўлишди, бир ёғига ўтди, бир ёғига ўтмади. Чилонзор ҳокимлигидан одам келди, мотор олиб келишди. У мотор 5-6 ой турди, кейин колодецга тушириб, қотириб қўйишди, токка ҳам уланмаганди, ишламади ҳам. Ҳозир очиб қарасак, ўша мотор ҳам йўқ, ўғирлаб кетишганми, билмадик”, дейди у.

Умид Ғуломовнинг қўшимча қилишича, шаҳар дренаж коллектори ва Чилонзор тумани прокурори ҳам мазкур ҳудудга келиб, муаммони ўз кўзлари билан кўрган. Уларнинг топшириғидан кейин мотор олиб келинган. Бугунги кунда эса ўша мотор ҳам йўқ.  

Kun.uz бир йил олдин ҳам мазкур муаммо юзасидан ўрганиш олиб борганди. Ўшанда Чилонзор туман ҳокимлиги уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Суннатилла Самуков муаммодан туман ҳокими хабардорлигини, пул маблағлари ажратилиб, муаммо бир ой муддатда ҳал этилишини билдирган эди.

Ҳокимлик муаммони ҳал қилиш учун амалий ҳаракатга ўтадими ёки маҳалла одамлари яна эллик йил ҳар ёмғирда сув кечиб, уйлари ахлатга тўлиб юраверишадими? Буни вақт кўрсатади.

Бахтиёр Тўхтаев,
Kun.uz
Тасвирчи ва монтаж устаси: Абдуқодир Тўлқинов

Бахтиёр Тўхтаев
Муаллиф Бахтиёр Тўхтаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид