Балчиқ ҳидини «ютиб» яшаётганлар – Чилонзор масъуллари ваъдасида турадими?
Пойтахтнинг Чилонзор тумани “3-Чарх Камолон” МФЙ аҳолиси кучли ёғингарчиликдан қўрқиб яшамоқда. Сабаби, бундай пайтда бир неча кўчалардаги оқова сувлар битта жойда йиғилган ҳолда каналицзация қувурларини тўлдириб, чиқиндиларни тепага чиқариб ташлаяпти. Маҳалла аҳолиси анча пайтдан буён балчиқ ҳидини “ютиб” яшашга мажбур қолмоқда. Kun.uz вазиятни жойига бориб ўрганди.
Ўрганиш давомида кучли ёғингарчилик пайтларида Зуҳра 1-тор ва 2-тор кўчалари кесишмасида маҳалладаги Завқий, Зебунисо, Тоҳир, Хушбақт кўчаларидан йиғилган сувлар тўпланиб қолиши маълум бўлди.
“Мен 50 ёшга кирдим, бу муаммо ҳали ҳал бўлганини кўрганим йўқ. Ҳеч ким қарамайди. Ёғингарчилик бошланиши билан 10-15 дақиқа ўтиб бутун маҳалладаги оқова сувлар шу ерга йиғилади. Канализация қувурлари дош бермайди, сув, ахлат оқиб қолади кўчада”, дейди шу ерда яшовчи Тоҳир Бозоров.
Кўчалардаги ариқлар пастликда жойлашгани сабабли улар оқова сувни каналга чиқариб юбора олмайди. Кўчаларда ҳаракатланиш қийинлашишидан ташқари канализацияга йўл топган оқова сувлар ундаги чиқиндиларни ҳам ташқарига босим билан чиқаради. Натижада, чиқинди ва оқова сувлар аралашиб, кўчаларда оқади ва якунда бир нуқтада тўпланиб қолади.
“Ёзнинг айни жазирама кунларида кўчадан бадбўй хид атрофга анқияпти. Бу ҳид нохушлиги билан бирга, одамларнинг саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатяпти. Уйимиздаги ертўлалар чириб кетганидан ёпиб ташладик. Нима қилишни ҳам билмаймиз. Ўтган йили прокурори ваъда берган эди ҳал қилишга, лекин ҳалигача йўқ. Орадан бир йил ўтди. Кўчалардаги балчиқнинг ҳидига чидаб бўлмайди. Бошқалар ёмғирнинг ҳидини туйса, биз балчиқнинг, канализациянинг ҳидини ҳидлаймиз”, дейди шу ерда яшовчи Умид Гулямов.
Таъкидланишича, ҳудудда яшаш қийин бўлиб қолган, ҳатто бир неча оилалар уйларини тез-тез сув босиши сабабли кўчиб кетган.
“Борилмаган жой, қилинмаган ҳужжат қолмади. Бу муаммони ҳамма: депутатлар ҳам, ҳокимлар ҳам билади. Охири қўл силтаб ҳам қўйдик.Одамлар кўчиб кетяпти”, дейди Тоҳир Бозоров.
Kun.uz маҳалла аҳлини узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган мазкур муаммо юзасидан тегишли масъуллар ва мутахассисларнинг фикри билан ҳам қизиқди.
“Канализациянинг йўлига тушиб қолади сувлар. Бу муаммони ўзимиз кўрганмиз, кузатганмиз. Муаммони ҳал қилиш учун сув йиғиладиган энг паст жойни аниқлаб, ўша ерга насос ўрнатиш керак, шу билан ҳал бўлади. Бунинг лойиҳасини ўзим ишлаб чиқиб ҳокимиятга берганман. Маҳалладаги Байналмилал кўчасининг ён томонига насос қўйилиб, труба орқали кўчанинг нариги томонидаги каналга тушириб юбориш мумкин”, дейди Чилонзор туман ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси мутахассиси Зафар Рўзиев.
Ҳолат юзасидан Чилонзор туман ҳокимлиги уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Суннатилла Самуковга кўра, муаммодан туман ҳокими хабардор ҳамда пул маблағлари ажратилиб, муаммо ой муддатда ҳал этилади.
Kun.uz ҳолатни кузатишда давом этади.
Мавзуга оид
15:40 / 06.11.2024
Октябр ойи метеорологик кузатувнинг барча йиллари учун энг ёмғирли бўлди
19:31 / 31.10.2024
Ўзбекистонда ноябр ойида қандай об-ҳаво кутилмоқда?
15:26 / 25.10.2024
Дам олиш кунлари Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати бироз пасайиши кутилмоқда
17:02 / 04.10.2024