Жамият | 07:40 / 22.05.2024
2845
2 дақиқада ўқилади

Тўрт ҳудудда “свет” ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолати фош этилди

Фарғона ва Андижон вилоятларида “свет” ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Департаментнинг Бағдод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Ш.П.” фермер хўжалиги масъул шахслари дала майдонига ўрнатилган электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида унга ташқаридан аралашиб, сув насоси орқали 963,9 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб, давлат ва жамият манфаатларига жами 867,2 млн сўм зарар етказганликлари аниқланган.

Шу каби департаментнинг Ўзбекистон туман бўлими томонидан ўтказилган назорат тадбирида фуқаро С.М. давлат рўйхатидан ўтмасдан оҳак ишлаб чиқариш цехи ташкил этиб, қўлбола ёндиргичларни табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, жами 289,1 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Департаментнинг Балиқчи туман бўлими томонидан “Ўзэнергоинспекция” вилоят бошқармаси ва “Ҳудудгаз Андижон” ГТФ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган текширувда ЯТТ А.Ю. “Шўр” МФЙ ҳудудида жойлашган ишлаб чиқариш цехини умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, жами 236,5 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Департаментнинг Бувайда тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса “B.Б.” МЧЖ иш бошқарувчиси М.Х. МЧЖ клиникасига ўрнатилган электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасига ташқи таъсир ўтказиб, жами 83,3 млн сўмлик мулкини талон-торож қилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид