Жаҳон | 14:05 / 25.05.2024
2671
2 дақиқада ўқилади

Хитой Тайван яқинида ҳарбий машқларни якунлади

Икки кун давом этган манёврларда юздан ортиқ самолёт ва ўнлаб кемалар иштирок этди. Пекин бу машғулотлар Тайван раҳбариятининг сепаратистик баёнотлари учун жазо эканлигини билдирди.

Фото: Taiwan Coast Guard/AFP

Хитой Пекин ўзининг бўлгинчи вилояти деб ҳисоблаган Тайван яқинида ҳарбий машғулотларни якунлади. Икки кун давом этган манёврларда 111 та самолёт ва ўнлаб кемалар иштирок этди, деб хабар қилди Хитой давлат телевидениеси 25 май, шанба куни.

Пекиннинг таъкидлашича, машғулотлар Тайван раҳбариятига ушбу минтақа янги «президенти» Лай Циндэнинг сепаратистик баёнотлари учун жазо бўлди. У ўзининг инаугурацион нутқида Тайван мустақиллиги йўналишини яна бир бор тасдиқлаб, Тайван бўғози икки томони бир-бирига бўйсунмаслигини таъкидлади. Пекин буни Хитой ва Тайван икки хил давлат деган баёнот сифатида қабул қилди.

Хитой армиясининг Тайван яқинидаги манёврларида армия, денгиз флоти, ҳаво кучлари ва ракета қўшинлари иштирок этди. Хитой ҳарбийларига кўра, машғулотларда ҳаво ва денгиз патруллари, муҳим нишонларга аниқ зарбалар ҳамда Тайванга тегишли ороллар ва ундан ташқаридаги операциялар билан биргаликда армия бўлинмаларининг жанговар қобилияти синовдан ўтказилди. 

Сиёсий куч намойиши 

Тайван Хитой манёврларини аниқ ҳарбий таҳдиддан кўра кўпроқ сиёсий куч намойиши сифатида қабул қилди. Тайбэй Хитой машқларини мавжуд дунё тартибига қарши «ошкора провокация» деб атади. Хитой сўнгги йилларда Тайван яқинида бир қанча машғулотлар, жумладан, 2022 ва 2023 йилларда кенг кўламли манёврлар ўтказди. 

Тайван 1949 йилда фуқаролар уруши тугаганидан кейин материк Хитойдан мустақиллигини эълон қилди. Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатлари Тайванни қўллаб-қувватлайди, лекин унинг мустақиллигини расман тан олмайди. Тайван суверен давлат сифатида Палау, Тувалу ва Белиз каби ўнга яқин давлат томонидан тан олинган. Тайван БМТ аъзоси ҳам эмас.

Хитой, агар керак бўлса, Тайванни ҳарбий куч билан ўз назоратига қайтаришга тайёр эканлигини бир неча бор таъкидлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид