Жаҳон | 21:58 / 27.05.2024
4027
2 дақиқада ўқилади

Арманистон полицияси 273 намойишчини ҳибсга олди

27 май, душанба куни Арманистон полицияси пойтахт Ереванда 273 нафар намойишчини ҳибсга олди. Мамлакатда бир неча кундан буён 1990 йилда Арманистон томонидан босиб олинган Озарбойжон қишлоқларининг қайтарилишига қарши йирик намойишлар бўлиб ўтмоқда. 

Фото: AFP

Полиция хабарига кўра, ҳибсга олинганлар Озарбойжон қишлоқларининг қайтарилишига қарши ҳамда бош вазир Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилиб йўлларни тўсиб қўйишга ҳаракат қилган. 

«Умумий ҳисобда 273 нафар шахс полициянинг қонуний талабларига бўйсунмагани учун ҳибсга олинди», — дейилади мамлакат ички ишлар вазирлиги баёнотида. 

Май ойининг ўрталарида мамлакат ҳукумати 1990 йилларда босиб олинган Озарбойжонга тегишли 4 та қишлоқнинг Озарбойжонга қайтарилишини маъқуллаган. Бунга қарши бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари алангаланиб кетган. Уларга руҳоний Баграт Галстаниан бошчилик қилмоқда. У бош вазир Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилиб, унга нисбатан ишончсизлик вотумига овоз беришга чақирган. Шунингдек, у якшанба куни бўлиб ўтган намойишлар пайтида бош вазирликка номзодини илгари суришини ва бунинг учун руҳонийликдан кетишга тайёрлигини ҳам билдирган. Лекин Арманистон конституциясига кўра у бу лавозимга номзодини кўрсата олмайди. Чунки у бир пайтнинг ўзида ҳам Канада, ҳам Арманистон фуқароси ҳисобланади. 

Бош вазир Никол Пашинян ушбу қарор Боку билан тинчликнинг гарови эканини таъкидлади.

Мавзуга оид