Жаҳон | 15:11 / 01.06.2024
3554
3 дақиқада ўқилади

Германияда чегара назорати вақтида минглаб ноқонуний муҳожирлар қўлга олинди

Германиянинг Полша, Чехия, Австрия ва Швейцария билан чегараларида ўтказилган текширувлар туфайли 2023 йил октябр ойидан буён одам контрабандасида гумон қилинган 800 дан ортиқ шахс аниқланди. Чегара назорати 2024 йилнинг декабрига қадар узайтирилади.

Фото: Revierfoto/Revierfoto

Полиция Полша, Чехия, Австрия ва Швейцариядан Германияга киришни хоҳловчиларнинг ҳужжатларини текшириши ўз самарасини бермоқда, деб ёзади 1 июн, шанба куни Neue Osnabrücker Zeitung (NOZ) газетаси. Таҳририят маълумотларига кўра, 2023 йил 16 октябрдан буён Германия полицияси ушбу чора туфайли 36 мингдан ортиқ чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари ва минглаб бошқа ҳуқуқбузарликларни аниқлашга муваффақ бўлди. 

2024 йилнинг 30 апрелига қадар Германияда кириш қоидаларини бузган 36 161 нафар шахс рўйхатга олинган, дея хабар беради нашр. Бундан ташқари, 824 нафар шахсни мамлакатга ноқонуний олиб киришда гумон қилинганлар аниқланган. «Жами 7401 нафар муҳожир контрабандачилар хизматидан Германияга кириш ва бошпана сўраш учун фойдаланган», деб ёзади NOZ. Полиция журналистларга сўнгги маълумотларни тақдим эта олмади.

Чегарада қўшимча қўлга олишлар 

Қайд этилишича, худди шу даврда полиция хавфсизлик хизматининг профессионал жаргонида «бир вақтнинг ўзида ушлаш» деб аталадиган ҳодисага дуч келган. Маълум бўлишича, Европа Иттифоқи давлатларининг ички чегараларидаги назорат қидирувда бўлган қўшимча 31 205 кишини, шу жумладан тегишли тақиққа қарамай Германияга киришга уринганларни «бехосдан» аниқлашга муваффақ бўлган. Кўпчилик чегарадан қайтарилган. 5 048 нафар қоидабузар эса амалдаги ордерлар асосида қўлга олинди. 

Наркотик, қуроллар, портловчи моддалар

Бундан ташқари, 3527 та ҳолатда ички ишлар органлари томонидан гиёҳванд моддалар ва қуроллар мусодара қилинган, шунингдек, портловчи моддаларни сақлаш бўйича қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилган.

Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер бу натижаларни катта муваффақият деб баҳолади. Чегара назорати чораларини яна олти ойга - 15 декабргача узайтиришга қарор қилинди. Ушбу чора Брюссел томонидан тасдиқланган. Бу санадан кейин Германиянинг қўшни давлатлар билан чегарасида назорат яна узайтирилиши эҳтимоли бор. 

NOZ маълумотларига кўра, ҳозирда Германиянинг Полша, Чехия ва Австрия билан умумий узунлиги 2000 кмга тенг чегараларида 28 та назорат пункти фаолият юритмоқда.

Мавзуга оид