Марҳабо Шодманова икки йил аввал моддий қийинчиликлар ва оилавий эҳтиёжлар сабаб АҚШга йўл олди. Унинг сафар йўли хавфли ва машаққатли бўлди – Туркия, Никарагуа, Гондурас, Гватемала ва Мексика орқали минглаб километр йўл босиб, Америка чегарасидан ноқонуний ўтди. Бу ҳикоя фақат бир аёлнинг йўли эмас, балки минглаб муҳожирлар тақдирининг бир кўзгусидир

Хатарли йўл орқали орзулар сари

Марҳабо Шодманова ҳаётдаги катта бурилиш нуқтасини икки йил олдин бошдан кечирган. Ўзбекистондаги моддий қийинчиликлар ва оилавий масъулиятлар унга битта йўл қолдирган – юртини тарк этиб, яхши даромад топиш мумкин бўлган мамлакатга йўл олиш.

“Қарор осон бўлмади. Оилам, фарзандларим, ота-онам кўз ўнгимда турди. Яқинларим қаршилик қилишди. Бир томонда уларнинг келажаги, иккинчи томонда мени нима кутаётгани номаълум, олдинда хавфли турганди”, - дейди Марҳабо.

У АҚШга қонуний виза билан эмас, балки бир неча мамлакатлар орқали хавфли йўналиш билан ўтди: Туркиядан кейин Никарагуа, Гондурас, Гватемала ва Мексика. Ҳар бир мамлакатда у нафақат қонуний тўсиқлар, балки одам савдоси, ўғрилик ва алдов хавфларини ҳис қилиб турди.

Америкадаги ҳуқуқсиз ҳаёт

Бироқ мақсадга етиш йўли фақат чегарадан ўтиш билан тугамади — уни янги юртда янги синовлар кутар эди. Ҳужжатлар расмийлаштиришга бир неча ой, ҳатто йил керак бўлади. Бу даврда у Ню Йоркнинг бир нечта шаҳарларида ишлади. Маркетларда кассир бўлди, она юртда ўрганган ҳунари – тикувчилик қилди, ресторанларда элтувчилик хизмати билан шуғулланди.

“Айниқса, таом етказганда ўзимни камситилгандек ҳис қилардим. Бу нафсониятга тегаркан. Лекин бир нарсани англадим: меҳнат қилмасанг, ҳеч қаерда қадринг йўқ. Ҳамма ўз аравасини ўзи тортиши керак. Ўз юртида ишламай, боқимандаликка ўрганган одам бу ерда ҳам шу бўлади”, - дейди у.

Ўзаро ёрдам ва муҳожирлар ҳамжамияти

Марҳабонинг айтишича, Америкада одамлар унга ёмон муносабатда бўлмаган. Аксинча, кўп ҳолларда ўзбекистонликлар ва бошқа муҳожирлар бир-бирини қўллаб-қувватлайди.

“Бу ерда юртдошларимиз жуда кўп. Улар бир-бирининг қийинчиликларини тушунади ва имкони бўлса ёрдам қилади”, - дейди Марҳабо.