Ўзбекистон | 08:00 / 01.06.2024
1757
2 дақиқада ўқилади

Таиланд ва Филиппиннинг Ўзбекистондаги янги элчилари иш бошлади

Фото: ТИВ

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кеча Таиланднинг янги элчиси Сасиват Вонгсинсаватни қабул қилди.

"Бугун Вазирликда Таиланд Қироллигининг Ўзбекистондаги янги тайинланган Элчиси Сасиват Вонгсинсават жаноблари билан учрашиб, унинг ишонч ёрлиқларини қабул қилдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг Telegram-каналида. – Сиёсий маслаҳатлашувларни фаоллаштириш, иқтисодий ҳамкорликни жадаллаштириш, ўзаро товар айланмаси ҳажмини ошириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, туризм, халқ дипломатияси ва маданий алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдик. Биз жаноб Элчини мазкур лавозимга тайинлангани билан табриклаймиз ва унга дипломатик миссиясини амалга оширишда муваффақиятлар тилаймиз".

Ўзбекистон ва Таиланд ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 6 майда ўрнатилган. Бугунги кунда Бангкокда Ўзбекистон Бош консулхонаси фаолият кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кеча Филиппиннинг янги тайинланган элчиси Роберто Г.Маналони қабул қилди.

"Филиппиннинг Ўзбекистондаги Элчиси этиб тайинланган Роберто Г. Манало жанобларининг ишонч ёрлиқларини қабул қилишдан мамнунмиз, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари. – Мамлакатларимиз ўртасидаги икки ва кўп томонлама муносабатлар юзасидан фикр алмашдик. Шубҳасиз, ўзаро ҳамкорлик кун тартибини барча йўналишларда кенгайтириш учун улкан имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги жаноб Элчининг Ўзбекистон-Филиппин муносабатларида фойдаланилмаган улкан салоҳиятни рўёбга чиқаришга ҳисса қўшиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди".

Ўзбекистон ва Филиппин ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 13 апрелда ўрнатилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид