10:29 / 07.06.2024
3067

Манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаганлик учун жазо белгиланди

Президент томонидан имзоланган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун билан Маъмурий жавогарлик тўғрисидаги кодексга янги модда қўшилди. Унда манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаганлик учун маъмурий жазо чоралари назарда тутилган.

Шавкат Мирзиёев 5 июн куни “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 193-4-модда қўшилмоқда.

Янги модда манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаслик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутади.

Унда кедҳлтирилишича, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг мансабдор шахси ёки ходими томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида хабар бермаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг мансабдор шахсига маълум бўлиб қолган, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан чоралар кўрмаслик эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача микдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима жазоси қўлланилади.

Агар мазкур ҳуқуқбузарликлар давлат харидлари соҳасида содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мазкур қонун расман эълон қилингандан 6 ой ўтгач кучга киради.

Top