Жаҳон | 23:30 / 10.06.2024
4462
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди учинчи муддатга қасамёд қилди

73 ёшли Нарендра Моди Ҳиндистоннинг Жавоҳарлал Нерудан кейин учинчи беш йиллик муддатга ҳокимиятни сақлаб қолган иккинчи бош вазирига айланди.

Фото: AP

Нарендра Моди ўз партиясининг парламентда кўпчиликни қўлга кирита олмаганидан кейин, коалициядаги ҳамкорларининг кўмагида қаторасига учинчи марта бош вазир лавозимига ўтирди. 9 июн куни Моди ва унинг кабинети аъзолари Ню-Деҳлидаги саройда президент Друаупади Мурму бошчилигида қасамёд қилди. Бу ҳақда Euronews хабар берди.

73 ёшли Нарендра Моди Ҳиндистоннинг Жавоҳарлал Нерудан кейин учинчи беш йиллик муддатга ҳокимиятни сақлаб қолган иккинчи бош вазирига айланди. 

Унинг 2014 ва 2019 йилларда ғалаба қозонган Бҳаратия Жаната партияси (BJP) сўнгги миллий сайловларда парламентдаги кўпчилик ўринни қўлга кирита олмади. Бироқ Моди бошчилигидаги Миллий Демократик Алянс (NDA) коалицияси у билан бирга ҳукумат тузиш учун етарлича ўринларни қўлга киритди.

10 йил ичида биринчи марта Моди бошчилигидаги BJP парламентда ҳукуматни шакллантириш учун  минтақавий иттифоқчиларнинг ёрдамига муҳтож бўлди.

Сайловларнинг якуний натижалари BJP кўпчилик учун зарур бўлган 272 ўриндан анча паст бўлган 240 ўринни қўлга киритганини кўрсатди. NDA коалициясига кирувчи партиялар биргаликда 543 депутатдан иборат парламент қуйи палатасидаги 293 ўринни қўлга киритди.

Модининг коалицион ҳукумати ҳозир ҳокимиятда қолиш учун асосан икки асосий минтақавий иттифоқчи - жанубий Андхра-Прадеш штатидаги Телугу Десам партияси ва шарқий Бихар штатидаги Жаната Дал (Бирлашган) партияларига таянади.

Айни пайтда, Модининг сиёсий рақиби, қайта тикланаётган «Конгресс» партияси бошчилигидаги INDIA иттифоқи кутилганидан ҳам кучлироқ кураш олиб борди ва ўтган сайловга нисбатан икки баравар кўп - 232 ўринни қўлга киритди.

Ҳиндуист миллатчи бўлган бош вазир 1,4 миллиардлик аҳолининг 80 фоизини ташкил қилувчи ҳиндларнинг ҳимоячиси сифатида қаралади. Моди тарафдорлари уни мамлакатнинг тезкор иқтисодий ўсиши ва глобал обрўсининг юксалишига ҳисса қўшгани учун олқишлайди.

Аммо танқидчилар уни демократия ва Ҳиндистоннинг дунёвий давлат сифатидаги мавқеига путур етказгани, ҳинду миллатчиларининг мамлакатдаги озчиликларга, хусусан мусулмонларга ҳужум қилишига йўл очиб бергани, мухолифат ва эркин оммавий ахборот воситалари учун майдонни кичрайтирганини таъкидлайди. Унинг сиёсий рақиблари ҳукуматнинг иқтисодий кўрсаткичларини шубҳа остига қўйиб, юқори ўсиш суръатларига қарамай, юқори ишсизлик ва тенгсизлик ортиб бораётганига эътибор қилмоқда.

Мавзуга оид