Технология | 09:12
528
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Ўзбекистонда 5G тармоғини жорий этишни таклиф қилди

Ҳиндистоннинг Tejas Networks компанияси Ўзбекистонда 5G алоқа стандартларини жорий этиш, симсиз инфратузилмани ривожлантириш ва қишлоқ ҳудудларини юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш бўйича ҳамкорликни таклиф қилди.

Фото: “Дунё” АА

Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоев Tejas Networks компанияси вице-президенти Ражниш Кҳуллар билан музокара олиб борди. Унда томонлар мамлакатда илғор телекоммуникация ечимларини жорий этиш истиқболларини муҳокама қилди.

Tejas Networks — Ҳиндистоннинг Tata Group конгломерати таркибига кирувчи етакчи телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқарувчиси бўлиб, унинг маҳсулотлари 75 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинади. Компания алоқа операторлари, интернет-провайдерлар ҳамда давлат ва мудофаа секторлари учун юқори технологик ечимлар таклиф этади.

Учрашувда Ҳиндистон томони Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга катта қизиқиш билдирди. Хусусан, Tejas Networks ва “Ўзбектелеком” АК ўртасида 5G тармоқларини жорий этиш, симсиз инфратузилмани кенгайтириш ҳамда чекка ҳудудларни юқори тезликдаги интернет билан қамраб олиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди.

Шунингдек, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва телекоммуникация соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Ўзбекистонда замонавий телекоммуникация ускуналарини ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятларини ҳам муҳокама қилди.

Қайд этилишича, Tejas Networks телекоммуникация соҳасида патентлар сони бўйича Ҳиндистонда етакчи ҳисобланади ҳамда Nokia, Ericsson ва Huawei каби глобал компаниялар билан рақобатлашиб келмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид