Шавкат Мирзиёев янги кўп қаватли уйларда кузатилаётган камчиликлар ҳақида гапирди
Президент қурилган янги кўп қаватли уйларда бино чўкиши, ундаги ёриқлар, шўрланиш ва сифат бўйича аҳолидан эътирозлар бўлаётганини айтиб, бу борада топшириқлар берди. Бошқарув компаниялари хизмати учун минимал нархлар белгиланганига тўхталган Шавкат Мирзиёев, энди сифат ҳам шунга яраша бўлиши кераклигини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев 10 июн куни ўтказган селекторда кўп қаватли уйлар қурилиши ва бошқаруви масалаларига тўхталиб ўтди.
Давлат раҳбари кўп қаватли уйлар сейсмо-конструкциясига ноқонуний ўзгартириш киритиш ҳолатлари кузатилаётгани, янги кўп қаватли уйларда бино чўкиши, ундаги ёриқлар, шўрланиш ва сифат бўйича аҳолидан эътирозлар бўлаётганини қайд этди.
Масъул ташкилотларга уйлар хавфсизлиги ва инфратузилма сифати бўйича пудратчилар мажбурияти бажарилишини қатъий назоратга олиш, конструкцияни ноқонуний ўзгартириш ҳолатларини эрта аниқлаш тизимини жорий қилиш топширилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда 39 мингга яқин кўп қаватли уйга 819 та бошқарув компанияси хизмат кўрсатмоқда.
Солиқ имтиёзи, арзон кредит берилгани, эски қарзлар “музлатилгани” ҳисобига улар оёққа тураётгани таъкидланди. Бир йил олдин 133 та бошқарув компанияси “оғир” тоифада бўлган бўлса, ҳозир бундай компания қолмагани айтилди.
Шу билан бирга, ҳамма жойда ҳам одамлар уйларни бошқариш сифатидан рози эмас. Кўплаб бошқарув компаниялари фақат кўчаларни супуриш ва тозалаш, жорий таъмирлаш билан чекланяпти. Уйлар атрофини ободонлаштириш, том, ички ва суғориш тармоқларини соз ҳолда сақлаб туриш каби асосий вазифалар эътибордан четда қолиб кетмоқда.
Яқинда бошқарув компаниялари хизмати учун тарифнинг энг кам миқдори белгиланди. Энди бошқарув ва эксплуатация сифати ҳам шунга яраша бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Бошқарув компаниялари аҳоли ва коммунал ташкилот ўртасида “кўприк” бўлиши кераклиги қайд этилди. Бундан буён икки йилдан ошмаган уйларда, яъни кафолат муддатида муаммо чиқса, пудратчи билан бирга уларни бартараф қилишга масъул бўлиши белгиланди.
Уй-жой коммунал соҳа мутасаддиларига “аҳоли – бошқарув компанияси – коммунал ташкилот ва пудратчи” занжирини яратиш топширилди.
Мавзуга оид
10:40 / 19.11.2024
Андижонда Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига савдо мажмуаси, кўнгилочар марказлар қуриш режалаштирилмоқда
10:27 / 14.11.2024
Тошкентда энг арзон уй-жой ижараси қайси туманларда экани айтилди
12:10 / 13.11.2024
Ўзбекистон уй-жой бозорида фаоллик даражаси пасайди
13:32 / 06.11.2024