Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Япония ва Украина хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги битимни имзолади
Битим доирасида Япония бошқа нарсалар қатори Украинага фақат ҳалокатли бўлмаган қуролларни етказиб бера олади.
Украина президенти Володимир Зеленский ва Япония бош вазири Фумио Кишида «Катта еттилик» (G7) саммитида мамлакатлар ўртасидаги хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги келишувни имзолади.
Ҳужжатга кўра, Токио Киевга 2024 йил охиригача 4,5 миллиард доллар беради. Зеленский АҚШ билан ҳам худди шундай келишув имзоланишини маълум қилди.
«Катта еттилик саммитида Япония бош вазири Фумио Кишида билан биргаликда давлатларимиз ўртасида хавфсизлик тўғрисидаги битимни имзоладик. 2024 йил давомида Япония Украинага 4,5 миллиард доллар беради ва шартноманинг бутун 10 йиллик муддати давомида давлатимизни қўллаб-қувватлайди», деб ёзди Украина президенти ижтимоий тармоқда.
Зеленскийнинг қўшимча қилишича, Киев ва Токио ўртасидаги келишув Украинага хавфсизлик соҳасида ёрдам, гуманитар, техник ва молиявий соҳалардаги ҳамкорликни ўз ичига олади. Унинг аниқлик киритишича, Япония, мамлакат қонунларига кўра, фақат ҳалокатли бўлмаган қуролларни етказиб бера олади. Токио, шунингдек, украиналик ҳарбий хизматчиларни даволаш билан таъминлайди ва Киев билан разведка ва махфий маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик қилади.
Аввалроқ, Украина 13 та давлат, жумладан Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Канада, Испания, Белгия, Нидерландия, Дания, Швеция, Финландия, Латвия ва Эстония билан хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги битимни имзолаган эди. G7 саммитида АҚШ билан ҳам худди шундай битим имзоланиши кутилмоқда.