Жаҳон | 16:52 / 17.06.2024
3129
3 дақиқада ўқилади

Россияда америкалик журналист Гершкович устидан суд 26 июнда бошланади

Америкалик журналист устидан маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтказилади. АҚШ Гершковичга қўйилган «жосуслик» айбловларини ишончсиз деб атади.

Фото: AP

Россия Федерациясида «жосусликда» айбланган The Wall Street Journal (WSJ) мухбири Эван Гершкович иши бўйича Россияда суд жараёни июн ойи охирида бошланади. Свердловск вилоят суди унинг иши бўйича биринчи суд мажлисини 26 июнга белгилади. Суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтказилади, деб хабар берди суд матбуот хизмати. Ишни судя Андрей Минеев кўриб чиқади

«Тергов маълумотларига кўра, The Wall Street Journal газетасининг америкалик журналисти Гершкович Марказий разведка бошқармаси кўрсатмаси билан 2023 йил март ойида Свердловск вилоятида ишлаб чиқариш ва таъмирлаш бўйича «НПК Уралвагонзавод» АЖ мудофаа корхонаси фаолияти ҳақида махфий маълумотларни тўплаган», - дейилади суд матбуот хизмати хабарида. 

Эван Гершкович айбини тан олмаяпти. АҚШ Давлат департаменти вакили Мэтю Миллер ўтган ҳафта Гершковичга қўйилган айбловлар ишончли эмаслигини айтди ва журналистни зудлик билан озод қилишни талаб қилди. WSJ бош муҳаррири Эмма Такер Гершкович иши бўйича тайёрланаётган суд жараёнини «намойишкорана ҳолат» деб атади. 

Эван Гершковичнинг ҳибсга олиниши 

The Wall Street Journal мухбири Эван Гершкович 2023 йилнинг 29 мартида Екатеринбургда қўлга олинган ва кейинчалик жосусликда айбланган. Россия Федерал хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, журналист «Америка томонининг кўрсатмаларига биноан Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналаридан бири фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаган». Гершковичнинг ўзи ҳам, нашр ҳам айбловларни рад этади. Оқ уй уларни «бемаъни» деб атади. 

Ғарбнинг йирик оммавий ахборот воситалари ва мустақил Россия нашрлари The Wall Street Journal журналистини озод қилишни бир неча бор талаб этган. АҚШ президенти Жо Байден ҳам журналистнинг қайтиши масаласи устида ишлашни давом эттиришга ваъда берди.

Гершковични эҳтимолий алмаштирилиши

Жорий йилнинг феврал ойида Россия президенти Владимир Путин билан интервюда америкалик журналист Такер Карлсон унга Гершковични «яхши ният белгиси сифатида» озод қилишни таклиф этди, шунда Карлсон уни Қўшма Штатларга олиб кетиши мумкин бўларди. Бунга жавобан Путиннинг айтишича, Россия шунчалик кўп хайрихоҳлик кўрсатганки, у «барча лимитни тугатганга ўхшайди». Шунга қарамай, Путин Гершковични алмашиш вариантини рад этмади. 

The Wall Street Journal 2023 йил сентябрида Путин Россия махсус хизматлари ходими экани айтилаётган Вадим Красиковни озод қилишга шахсан буйруқ берганини ёзган эди. Красиков Германияда чечен бўлгинчиларининг собиқ дала қўмондони Зелимхон Ханқошвилини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид