Жаҳон | 13:43 / 21.06.2024
3347
2 дақиқада ўқилади

Финландия Россия билан муносабатларни уруш охиригача тикламайди

Финландияга тўғридан тўғри ҳарбий таҳдид йўқ, бироқ Ҳелсинки Россиядан гибрид ҳужумлар давом этишини кутмоқда. Ташқи сиёсат бўйича ҳисоботида Финландия ҳукумати узоқ келажакда Россия Федерациясида демократияга умид билдирди.

Фото: Oliver Morin/AFP

Финландия Украинага қарши олиб бораётган урушни ва халқаро ҳуқуқ бузилишини тўхтатмагунча Россия билан муносабатларни тикламайди. Бу ҳақда Финландия ташқи ишлар вазири Элина Валтонен 20 июн, пайшанба куни Ҳелсинкида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳукуматнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати ҳақидаги ҳисоботини тақдим этар экан, айтиб ўтди.

Ҳисоботни тайёрлашга раҳбарлик қилган Финландия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Россия охир-оқибат демократик давлатга айланишига умид билдирди, бироқ ўзгаришларни тез кутмаслик кераклигини қўшимча қилди. Шу билан бирга, Валтонен Россия ҳақидаги билимларни сақлаб қолиш ва Россия фуқаролик жамияти фаолияти учун шароитларни «максимал қўллаб-қувватлаш» муҳим деб ҳисоблайди.

Финландия учун тўғридан тўғри ҳарбий таҳдид йўқ 

Фин ҳукумати маълумотларига кўра, ҳозирда Финландияга бевосита ҳарбий таҳдид йўқ. Шу билан бирга, Ҳелсинки Финландияга қарши потенциал ҳарбий куч ишлатилишига тайёр туриш зарур деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, мамлакат Россия гибрид ҳужумлари давом этишини кутмоқда, бунга мисол сифатида Финландия-Россия чегарасида Москва томонидан уюштирилган учинчи давлатлардан бошпана изловчилар оқимини келтириш мумкин. 

Элина Валтонен Россия ҳарбий ҳужуми хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни ўзгартирганини ва халқаро қоидалар тизимига эга бўлиш муҳимлигини кўрсатди. Финландия ва Швециянинг яқинда НАТОга қўшилиши «Болтиқ денгизи ва Шимолий Европада барқарорликни мустаҳкамлайди ва минтақада ҳарбий куч ишлатиш хавфини камайтиради», деди вазир. 

«НАТОга аъзолик Финландия учун янги даврни англатади. Финландия энди ўз хавфсизлигига НАТОнинг жамоавий мудофааси нуқтайи назаридан қарайди, бутун иттифоқ хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшади ва умумий қадриятлар учун НАТО иттифоқчилари билан бирга ишлайди», деди у. Шу билан бирга, Валтонен Финландия ташқи сиёсати демократия ва қонун устуворлиги қадриятларига асосланишини таъкидлади. 

Мавзуга оид