Жаҳон | 13:18 / 24.06.2024
5222
4 дақиқада ўқилади

Хитой ва ЕИ электромобиллар учун божларни муҳокама қилади

Пекин Европа Иттифоқи жорий этаётган электромобилларга бож тўловларини муҳокама қилишга рози бўлди. 

Фото: Siim Lõvi/ERR

Брюссел ва Пекин Европа Иттифоқи Хитойдан электромобилларга жорий қилмоқчи бўлган божхона тўловлари бўйича «дастлабки музокаралар учун йўл харитаси» юзасидан келишиб олди. Бу ҳақда 22 июн куни Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги маълум қилди.

Гап Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасида бир неча ойдан бери давом этаётган эҳтимолий адолатсиз рақобат бўйича келишмовчилик ҳақида бормоқда. Европа комиссияси (ЕК) маълумотларига кўра, Хитой электромобил ишлаб чиқарувчилари давлатдан катта миқдорда субсидиялар олади. Бу уларга рақобатчиларга қараганда ускуналар учун пастроқ нарх белгилаш имконини беради, ушбу ҳолат Европа Иттифоқи электромобил ишлаб чиқарувчиларига иқтисодий зарар етказади, дея тушунтирди Брюссел.

Бунга жавобан ЕК Хитойдан электромобилларга қўшимча божхона тўловларини жорий қилмоқчи эди. Баъзи компаниялар учун улар 38 фоизга етиши мумкин. Пекин, кутилганидек, бу қарорни танқид қилди ва Хитойга арзон нархда етказиб бериладиган Европа Иттифоқидан айрим маҳсулотлар импорти нархини «текширишни бошлади». Бундан ташқари, Хитой Европа Иттифоқидан олиб келинган бензинли автомобилларга солиқ солишни таклиф қилди.

Германия иқтисодиёт вазирининг муносабати

Германия иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек Хитойга уч кунлик ташриф давомида савдо можаросини ҳал қилиш истиқболини олқишлади. «Бу натижадан ҳали узоқ, лекин ҳеч бўлмаганда биз бир-биримиз билан гаплашмоқдамиз», деди Ҳабек ARD телеканалидаги эфирда Хитой Савдо вазирлиги ва Еврокомиссия ўртасидаги музокаралар режалари ҳақида.

Хитой бозори немис автомобилсозлик саноати учун муҳим аҳамиятга эга, шунинг учун Германия ҳукумати аввалроқ Хитойдан электромобилларга божлар жорий этишни кейинга қолдириш тарафдори эди, дея қайд этади AFP. Европа Иттифоқига аъзо бошқа баъзи давлатлар бу қарорга рози бўлмади. Бироқ, Ҳабек «очиқ савдо олами»ни «минтақавий протекционистик майдон»га айлантирмасликка чақирди.

Ҳабек Хитойга ташрифи чоғида Украинадаги уруш мавзусига тўхталди

Германия ва Европа хавфсизлик соҳасидаги манфаатларига Россиянинг Украинага қарши уруши бевосита дахлдор, дея таъкидлади Германия иқтисодиёт вазири Пекинда ХХР тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси раҳбари Чжэн Шанцзе билан учрашувда. 

«Агар бу уруш бўлмаганида ва Россия томонидан қўллаб-қувватланмаганида, биз Хитойдан хомашёга, техник маҳсулотларга боғлиқлигимизни таҳлил қилишда бошқача ва, албатта, бунчалик қатъийроқ ёндашмаган бўлардик. Бу бизнинг бевосита муносабатларимизга салбий таъсир кўрсатмоқда», - деди Ҳабек. 

Хитой бир неча бор Украинадаги уруш масаласида бетарафлигини эълон қилди, аммо қўшни давлатда ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин Россия Хитойга сезиларли даражада яқинлашди ва Пекин Россия президенти Владимир Путинни қабул қилди. Бундан ташқари, Украина президенти Володимир Зеленский аввалроқ Хитой нафақат Швейцариядаги тинчлик саммитида иштирок этишдан бош тортгани, балки Россия илтимосига кўра бошқа давлатларни ҳам тадбирда иштирок этишдан қайтарганини айтган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид