Ўзбекистон | 19:10 / 25.06.2024
2214
3 дақиқада ўқилади

Педагогик маҳорат ва Тарбия педагогикаси миллий институтлари ташкил этилади 

Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ва Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтини ташкил этиш тўғрисида президент қарори қабул қилинди. 

«Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди. 

Қарорга кўра, Педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти негизида Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда педагогик маҳорат марказлари ташкил этилади. 

Тошкент шаҳар педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази ҳамда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети тасарруфидаги Республика педагогик таълим ресурс маркази фаолияти уларни Институтга қўшиш орқали тугатилади. 

Институт тузилмасида Халқаро тадқиқотлар маркази ташкил этилади. 

Шунингдек, 2024/2025 ўқув йилидан мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизими жорий қилинади. 

Бунда:

- Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бўйсунувига ўтказилади;

- мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ва мутахассис кадрларини узлуксиз касбий ривожлантириш бўйича «Виртуал касбий ривожлантириш» электрон дастури жорий этилади. 

Шунингдек, «Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтини ташкил этиш тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди. 

Қарорга кўра, Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти ташкил этилади. 

Институт янги тарбия методикаларини яратиш ва амалиётга жорий қилиш бўйича олий таълимдан кейинги таълимни амалга оширувчи давлат муассасаси ҳисобланади ҳамда тарбия соҳасини такомиллаштиришга оид илмий асослантирилган истиқболли таклифлар ишлаб чиқади. 

Институт ҳузурида «Педагогика назарияси. Педагогик таълимотлар тарихи», «Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси» ҳамда «Ижтимоий педагогика» ихтисосликлари бўйича илмий кенгашлар ташкил этилади. 

2025/2026 ўқув йилидан умумий ўрта таълим муассасаларида тажриба-синов тариқасида босқичма-босқич жаҳонда тан олинган ижтимоий-эмоционал таълим (Social and Emotional Learning – SEL) методикаларини жорий қилинади. 

Тарбия соҳасидаги илмий тадқиқотларни мувофиқлаштирувчи республика кенгаши фаолияти ташкил этилади.

Мавзуга оид