Жаҳон | 09:23 / 26.06.2024
6328
3 дақиқада ўқилади

ЕИ ва АҚШ Россиянинг Европа ОАВ сайтларини блоклаганини қоралади

Еврокомиссия раҳбари ўринбосарининг сўзларига кўра, Москва томонидан молиялаштириладиган тарғибот нашрлари билан Россияда блокланган Европа мустақил ОАВни солиштириб бўлмайди.

Вера Юрова Фото: Philippe Stirnweiss/European Union

Европа Иттифоқи Брюссел рус нашрларига фаолият юритишни тақиқлаганига жавобан Москва Россияда ўнлаб Европа оммавий ахборот воситаларига киришни чеклаб қўйганини қоралади. 25 июн, сешанба куни Европа комиссияси раиси ўринбосари, қадриятлар ва ошкоралик бўйича Европа комиссари Вера Юрова Россиянинг ушбу жавоб чоралари тушунарсиз эканини маълум қилди. 

«Йўқ, Россия ҳарбий доктринаси доирасида дезинформацияни тарқатиш учун Россия томонидан молиялаштирилган тарғибот нашрлари мустақил ОАВ билан бир хил даражада турадиган нарса эмас», деб ёзади у X ижтимоий тармоғида. 

Давлат департаменти: Россия ҳақиқатдан қўрқади 

Қўшма Штатларнинг таъкидлашича, Россия ўнлаб оммавий ахборот воситаларига киришни тўсиб қўйган ҳолда, ҳақиқий маълумотлар ошкор бўлишидан қўрқади. «Бу Россия ҳукумати журналистикани бостираётганининг яна бир белгисидир, чунки ўз халқи Россия ҳаракатлари ҳақидаги ҳақиқатни эшитишидан қўрқади», деди журналистларга АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Мэтю Миллер. 

Россия Европанинг 81 та ОАВ ишини тақиқлайди

Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқининг 81 та оммавий ахборот воситалари «маълумотларига кириш чекланиши» ҳақида эълон қилган эди. Европанинг ўнлаб йирик нашрлари, жумладан, Германиянинг Der Spiegel, Die Zeit ва Frankfurter Allgemeine Zeitung, Испаниянинг El Pais ва El Mundo, Италиянинг La Stampa ва La Repubblica, Франциянинг Le Monde, Liberation ва AFP, шунингдек, Politico ва Euobserver умумевропа нашрлари блокланади. 

Москвада бу қадам Россиянинг РИА «Новости», «Известия» ва «Российская газета» нашрларига Европа Иттифоқида «ҳар қандай фаолияти» тақиқланишига «жавоб чораси» деб аталди. ЕИ кенгаши май ойида ушбу оммавий ахборот воситаларини тақиқлаган, қарор 25 июнда кучга кирган. Европа Иттифоқи ушбу нашрлар «Россия ташвиқотини ва Украинага қарши урушни қўллаб-қувватлайди», дея маълум қилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид