Жамият | 18:42 / 27.06.2024
9214
2 дақиқада ўқилади

Зироат Мирзиёева Самарқанддаги “Меҳрли мактаб” ўқувчилари билан суҳбатлашди

“Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Самарқанд вилоятида бўлиб, “Меҳрли мактаб” госпитал мактабининг филиалига ташриф буюрди, шунингдек, экологик оромгоҳ иштирокчилари билан бирга Зарафшон миллий табиат боғига борди.

Фото: Zamin Foundation

Фонд раҳбари ташриф буюрган “Меҳрли мактаб” госпитал мактабининг филиали Самарқанд вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида очилган.

Янги госпитал мактаб Тошкент, Нукус, Андижон ва Фарғонадан кейин республикада бешинчи бўлиб, унда узоқ вақт даволанаётган болалар билан ишлаш учун зарур тайёргарликдан ўтган педагоглар, психологлар ва тарбиячилар иш бошлади.

Зироат Мирзиёева “Меҳрли мактаб”да яратилган қулай таълим муҳитини қайд этиб, болалар билан дилдан суҳбатлашди ва ўқувчилар билан ривожлантирувчи мослашув машғулотларида қатнашиб, педагогларга самимий миннатдорлик билдирди.

“Замин” фонди раиси, шунингдек, Халқаро ёшлар экологик оромгоҳи иштирокчилари ва меҳмонлар билан биргаликда Самарқанд вилоятидаги Зарафшон миллий табиат боғида бўлди.

Улар биргаликда боғ, унинг тўқайзорлари ва яқиндагина қирилиб кетиш арафасида турган Бухоро буғуларини кўздан кечиришди.

Қўриқхонада бўлиш нафақат табиат гўзаллигидан завқланиш имконияти, балки экотизимларни асраш ва уларнинг бир-бири билан чамбарчас боғлиқлиги ҳақида муҳим эслатма бўлди. Экскурсия иштирокчилари баъзида экотизимларни сақлаб қолишнинг асосий қисми антропоген таъсирни, яъни инсоннинг аралашувини камайтириш эканини афсус билан таъкидладилар.

Ушбу тажриба турли мамлакатлар экофаоллари учун экотизимларни сақлаб қолиш ва кўчиб юрувчи ҳайвон турлари учун трансчегаравий боғларни яратиш бўйича фаол ҳаракат ва ташаббусларга туртки бўлди.

Мавзуга оид