Меҳмонларни муассаса мутахассислари кутиб олиб, алоҳида парваришга муҳтож болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун яратилган шарт-шароитлар билан таништирди. “Имкон” маркази таркибида болалар боғчаси, логопедик ва психологик ёрдам, шунингдек, тиббий ва ижтимоий реабилитация хизматлари йўлга қўйилган.

Танишув давомида Зироат Мирзиёева ва Тамара Вучич болалар, тарбиячилар ҳамда ота-оналар билан суҳбатлашди. Биринчи хонимлар бундай муассасалар инклюзив жамиятни мустаҳкамлаш, болаларнинг таълим ва ижтимоий ҳаётга тўлиқ жалб этилишида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Ўзбекистон биринчи хоними инклюзив таълимни ривожлантириш — болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг устувор йўналишларидан бири эканини қайд этди. Сербия президентининг рафиқаси эса Ўзбекистонда алоҳида парваришга муҳтож болаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан катта таассурот олганини билдириб, марказ фаолиятини юқори баҳолади.














