Чилонзорча спектакл: Новза кўчасидаги ўриндиқлар жойига қайтарилди
Бундан бир ҳафта аввал Тошкент шаҳри Чилонзор туманининг Новза кўчасидан ўтган анҳор бўйи ободонлаштирилиб, ўриндиқлар ва чиқинди қутилари ўрнатилганди. Бугун ўша ўриндиқлар ва урналар олиб кетилди. Kun.uz видеосидан кейин уларнинг ўрнига янгилари келтирилди. Бу орада, ишчилардан бири урнани бўшатиш учун ундаги чиқиндиларни анҳорга тўккани сабаб 1,7 млн сўмлик жарима орттириб олди.
Бундан бир неча кун олдин Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани Новза кўчасидан ўтган анҳор бўйи тезкор тарзда ободонлаштирилиб, икки кун ичида ҳудуддаги пиёдалар йўлаги бетон қилинди. Ўриндиқ ҳамда чиқиндилар қутилари ўрнатилди.
Бугун, 29 июн куни негадир ўриндиқлар ва чиқинди қутилари тракторга ортилиб, битта ҳам қолдирмай олиб кетилди. Чиқинди қутиларига тўпланган чиқиндилар эса анҳорга ағдарилди.
Kun.uz ҳолат бўйича мақола ва видео эълон қилганидан сўнг олиб кетилган ўриндиқ ва урналар ўрнига янгилари олиб келинди.
Kun.uz мухбири бу ишларга ўнга яқин ишчилар жалб этилгани гувоҳи бўлди. Туманга яқинда тайинлаган прокурор Улуғбек Хобилжонов ҳам шу ерда эди.
Бундан ташқари, аввал ўрнатилган урналардаги чиқиндиларни анҳорга тўккан шахсга Маъмурий кодекснинг 72-моддасига кўра, 1,7 млн сўм жарима солингани маълум қилинди.
Аввалроқ Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган ишчилар ўриндиқ ва урналарни олиб кетиш бўйича топшириқни Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси раҳбарияти берганини маълум қилганди. Шунингдек, жиҳозлар вақтинча олиб келингани, улар аслида Ғофур Ғулом боғининг мулки бўлгани айтилганди.
Мавзуга оид
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024
Тошкентнинг иккита кўчасида ҳаракат 19 кунга чекланади
17:26 / 21.11.2024
Тошкентда иситиш қувурида авария юз берди
15:44 / 21.11.2024