Жамият | 16:34 / 30.06.2024
22154
2 дақиқада ўқилади

Қўқонда фуқароларга ўйинчоқ тўппонча ўқталиб, видеога олган шахс қамалди

Бу шахс аввал ҳам бир неча марта ҳуқуқбузарлик содир этган ва тегишли тартибда жазоланганди.

Фото: Видеодан кадр

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида фуқароларга тўппонча ўқталиб, буни видеога олган шахс қамалди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

“Ruxsor News”телеканалида берилган видеолавҳада айтилишича, ушбу шахс Қўқон шаҳрида жойлашган клубларнинг бирини реклама қилиш мақсадида сохта тўппончани фуқароларга ўқталган ва буни видеога олган.

Видео ижтимоий тармоқларга жойлангач, кўплаб муҳокамаларга ва эътирозларга сабаб бўлган.

Қайд этилишича, ҳуқуқбузар шахсга МЖтКнинг 183 ва 194-моддалари билан ҳужжатлар расмийлаштирилган. Суд ҳукми билан унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилган.

Мазкур шахс аввал ҳам бир неча марта ҳуқуқбузарлик содир этган ва тегишли жазо олган эди.

Жумладан, 2024 йил 2 январ куни у Қўқон шаҳридаги марказий кўчаларнинг бирида йўл ўртасига стол-стул қўйиб овқатланган ва ҳолатни видеога олиб ижтимоий тармоқларда тарқатган.

Мазкур ҳуқуқбузалик учун учун ўшанда унга МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) билан жарима жазоси қўлланганди.

Мавзуга оид