Ўзбекистон | 16:00 / 01.07.2024
4897
2 дақиқада ўқилади

Антониу Гутерриш Танзила Норбоева билан учрашув ўтказди

Учрашувда иқлим ўзгариши, муносиб меҳнат тамойиллари, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилган.  

Фото: Telegram / tanzilanarbaeva

Расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Сенат раиси Танзила Норбоева билан учрашди

Қайд этилишича, суҳбат давомида БМТ билан Ўзбекистоннинг глобал ҳамкорлиги ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишдаги фаол иштирокига тўхталиб ўтилган.

Бош котиб Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатларини бирлаштириш йўлидаги ташаббуси ва саъй-ҳаракатларини эътироф этган. Шунингдек, мамлакатда олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий, ташқи сиёсатдаги очиқлик, хусусан, ижтимоий ҳимоя ҳамда гендер тенглиги масалаларидаги ислоҳотларни юқори баҳолаган.

Суҳбатда экология, иқлим ўзгариши, муносиб меҳнат тамойиллари, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган. Шунингдек, БМТ томонидан илгари сурилаётган тараққиёт дастурларини жорий этишда парламентларнинг фаоллигини ошириш борасидаги муҳим вазифалар ҳам кўриб чиқилган. 

Олдинроқ Антониу Гутерриш расмий ташриф билан Ўзбекистонга келгани, ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар ўтказилиши, қатор саноат ва ижтимоий соҳа объектларини ҳам бориб кўриш режалаштирилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид