Энергетика, АЭС ва бюджет тақчиллиги — Беҳзод Ҳошимов билан суҳбат
АҚШда яшовчи ўзбекистонлик тадқиқотчи Беҳзод Ҳошимов Ню-Йорк университетида профессор сифатида фаолият бошлаш арафасида. Kun.uz мухбири Тошкентда бўлиб турган иқтисодчини суҳбатга таклиф этиб, илмий фаолияти ва Ўзбекистонда долзарб бўлиб турган бир нечта иқтисодий масалаларга муносабатини сўради.
— Беҳзод ака, Тошкентга келганингиз муносабати билан юзма юз кўришиб турибмиз. Ўтган йили Висконсин университетида PhD ёқлаган эдингиз. Ҳозир нималар билан бандсиз? Адашмасам, фаолиятингизни Бирлашган Араб Амирликларида давом эттирмоқчи эдингиз.
— Ҳали ҳам Висконсинда тадқиқотчи бўлиб ишлаяпман. Август ойидан Ню-Йорк университетида профессор бўлиб ишимни давом эттираман. Университетнинг Абу-Дабида (БАА) кампуси бор. Ню-Йорк университетида ижтимоий фанлар факултетида профессор бўлиб илмий фаолиятимни бошлайман. Ҳозирча пост-докман, бир йил олдин илмий ишимни ҳимоя қилгандим.
— Илмий ишингизнинг асосий жиҳатлари ҳақида гапириб бера оласизми?
— Тадқиқотим, асосан, АҚШда тадбиркорлик масалаларини ўрганади. Диссертациямнинг биринчи қисмида технологик корхоналар, стартапларга ресурсларни жалб қилиш жараёнини ўрганаман. Ресурслар деганда маблағ тушунилади, баъзиларида эса квалификация, нетворк ресурсларини стартаплар ўзига жалб қилишини ўрганаман. Шу жараёнда венчур капиталлар ва стартапларга пул тикадиганлар тадбиркорларнинг қандай характеристикаларига қарайди ҳамда қандай ғояларга пул тикишади деган мавзуларни тадқиқ қилганман.
Иккинчи боби, тадбиркорлик адабиётидаги бир саволга бағишланган: тадбиркорлар туғмами ёки уларни атроф-муҳит шакллантирадими? Буни эмпирик ўрганишнинг қийин тарафи шундаки, биз тадбиркорларни улар ўз фаолиятини бошлагандан кейин кўра оламиз. Ундай бўлмаганида, қандай бўлади деган саволга жавоб излаймиз. Масалан, сиз “тадбиркорлар ҳаммаси туғма” десангиз, мен “йўқ, туғма эмас” дейишим мумкин, иккаламиз ҳам бу гипотезани илмий далиллашимиз керак. Шу далилларда ё туғма характеристиканинг ўзгариши ёки атроф-муҳитнинг ўзгаришига қаралади.
Тадбиркорлик бу туғма хусусият дейишда, бундан олдинги тадқиқотларда бир хил генетикага эга эгизак етимларни ўрганишган, чунки иккаласининг генетикаси бир хил бўлади, лекин ҳар хил оила боқиб олади ва ҳаёти давомида кўриб чиқишади – уларнинг тадбиркор бўлиш эҳтимоли қанақа? Генетик қисми ўхшаш, лекин шароити ҳар хил.
Илмий ишим – шу йўналишдаги тадқиқотларнинг бир қисми: иқтисодий шоклар ёки кризислар натижасида катта бўлган ўспиринлар улғайгач, тадбиркорликни бошлаши камаядими ёки кўпаядими? Кескин иқтисодий шоксиз яшаб турган жойда атроф-муҳитга кескин таъсир қиладими, шу таъсирнинг ижобий ва салбий оқибатларини ўрганганман. Бу жуда ҳам тор мавзу, илмий ишлар кўпинча жуда чуқур ва кичик мавзуда қилинади.
— Тадқиқотингиз натижалари қандай бўлди, нимани аниқладингиз?
— Атроф-муҳитнинг кескин ўзгаришининг тадбиркорликка таъсири деган нарсани ўргандим. Никсон президент бўлган вақтларда, 70-йиллар охири, 80-йиллар бошида АҚШда катта макроиқтисодий кризис бўлган. Ўша пайтда бутун АҚШ қийин вазиятда бўлган. Бу кризиснинг муҳим хусусияти шундаки, улар бутун АҚШга бирдек таъсир кўрсатмаган. Мичиган ва Пенсилвания штатларида ишсизлик 10 фоиздан баланд бўлиб кетган бўлса, масалан, Массачуcсетсда 2 фоиздан кам бўлган. Қанақадир штатлар ёмон аҳволга тушиб қолган. Тадқиқотимда шартли Мичиган штатида 12 ва 16 ёшли болалар ҳамда Массачуссетс штатидаги худди шундай болалар ҳақида маълумотларни олдим. Шу иккала болани умри давомида кузатиб борганмиз, қаерда ишлаган, қандай ишлар қилган, қаерда ўқиган, қаерга кўчган каби. Бу АҚШ ҳукуматининг сўровномаси асосида қилинган тадқиқот. Шуни топдимки, кризисда катта бўлган болалар тадбиркорлик қилиш эҳтимоли кризисда катта бўлмаган болалардан кўра сал пастроқ.
Лекин қандай корхоналарни ташкил топишида деган савол бор. АҚШда ўзини ўзи банд қилган корхоналар бор, улар одатда ўсмайди, 10 фоиздан камроғи инкорпорация қилинади. Кризис натижасида инкорпорация қилинган корхоналарни очиш камаяркан, ўзини-ўзи банд қилиш ўзгармас экан. Тадқиқотим натижасини жуда ҳам қисқа қилиб айтадиган бўлсам, 13-19 ёшли болалар кризисни бошидан ўтказиш натижасида уларнинг инкопорация қилинган корхоналарни яратиш эҳтимоли кризис камроқ бўлган жойлардан кўра камроқ.
Нима учун шунақа дейишингиз мумкин, атрофингизда кимдир кўпроқ ишини йўқотган бўлса, сиз стабил ишни танлайсиз. Тадбиркорликда кўпроқ риск бор, балки ўша болалар ёшлигидан рискни олмай деган фикрга келиши мумкин.
— Охирги пайтларда ўзбекистонликлар энг кўп муҳокама қилган мавзулардан бири бу Россия томонидан Жиззахда кам қувватли АЭС қурилиши бўлмоқда. Бу борада турли фикрлар билдириляпти. Сиз ҳам каналингизда ўз мулоҳазаларингизни ёздингиз. Шу ҳақда гаплашсак. АЭС қурилишининг иқтисодий ва сиёсий жиҳатлари ҳақида қанақа фикрдасиз?
— Каналимда фикрларимни ёздим, сиёсий аспектлари ҳақида гаплашмай турайлик, бу муҳим албатта, аммо бу дискуссия учун иқтисодий жиҳатларини гаплашамиз. АЭС – ўзбекистонликларнинг келажагига таъсир қилувчи ғоя. Шу ғоя бизга неча пулга тушади, АЭС 1 kWh электр энергиясини неча пулдан ишлаб чиқаради, унинг муқобил вариантларидан бу арзонроқми, қимматроқми? Қайси сабаб билан АЭСни танлаяпмиз, барқарор энергия манбаси бўлгани учунми? Хоҳлардимки, ҳукуматдагилар бизга шаффофлик билан АЭС неча пулга қуриляпти, унга ким пул тўлаяпти [айтиши керак]…
Бир хил контрактларда, масалан Туркиядаги Аккую станциясида, тушунишим бўйича “Росатом” ўзи қурган ва Туркия ҳукумати билан электр энергиясини [белгиланган нархда кафолатли] сотиб олиш ҳақида келишув қилинган. Яъни қурилишга Туркия ҳукумати пул тикмаган. Бизда шартнома қандай? Буни ўзбекистонликлар қуряптими ёки “Росатом” қуряптими?
Иккинчи савол, нима учун “Росатом”, бошқа АЭС қурадиган корхоналар эмас? Биламиз, жуда кўп мамлакатларда АЭС яхши ишлаб келади, бу технологияга менда қўрқув йўқ, лекин пудратчини танлаётганда ҳам шаффофлик бўлишини хоҳлаган бўлардим. Балки “Росатом” энг арзонга бераётгандир, балки муддати бошқачадир. Бутун қарор қабул қилишда ишлатилган маълумотлар очиқланишини ва биз жамият сифатида бундан хабардор бўлишимизни хоҳлаган бўлардим.
Бу жуда муҳим нарса мамлакатимиз иқтисодий ўсиши учун, қанақадир маънода сиёсат учун ҳам. Музокараларда бу инструмент бўлиб ишлатилиши мумкинми, деган саволлар ҳам йўқ эмас. Сиёсий аспектлардан ташқари, иқтисодий аспектлар ҳам жуда кўп саволлар туғдиради. Биз неча пулдан сотиб оламиз электр энергиясини, бу қуёш энергиясидан арзонроқми, ёки кўмир ёқишдан арзонроқми? “Trade off” дейди, ниманинг эвазига нимани алмашаётганимизни тўлиқ кўриб олайлик, деган маънода ёзган эдим.
— Умуман, энергетика соҳасида ўзгаришлар бўляпти. Энергорегулятор ташкил этилди, май ойидан тарифлар ошди. Лекин свет ўчишлари давом этаётганини кўрдингиз, келганингиздан бери бу ҳақда Twitter'да ёзиб турибсиз. Энди олдинда, яъни кейинги босқичда соҳада қандай ишлар қилиниши керак деб ҳисоблайсиз?
— Бу ҳақда жуда кўп гапирганман, Ўзбекистонда энерготизим ислоҳ қилиниши керак. Ислоҳот деганда вақтинчалик нархини оширайлик, кейин нимадир ўйлаб топамиз деган нарса эмас. 32-33 йил бўлди, худди шу механизмда ишлаб келяпмиз. Нарх борасида энерго ишлаб чиқарувчилар ҳукуматга қимматга электр энергиясини сотади, шиширилган нархларда. Ҳукумат буни қисман субсидиялайди, ҳар хил йўллар орқали – пул, арзон газ, арзон кредитлар орқали. Натижада жамият қийналади.
Бу нарсани 100 марта ёзганман, лекин яна қайтараман. Энерготизимдаги муаммо шундаки, ҳукумат энергетикани субсидия қилади. Улар сотиб оладиган нарх, улар кейинги қадамда сотадиган нархдан кўра кўпроқ. Қимматга олиб, арзонга сотишади. Қимматга олишда ҳам, арзонга сотишда ҳам савол бор. Қимматга олишнинг сабаби, энергетика ишлаб чиқарувчи корхоналар самарасизлигидан, Бу самарасизлигининг сабаби – уларда самарали ишлашга рағбат йўқ. Оддий мисол, сиз энергетика корхонасининг бошқарувчисисиз, сизда ягона рағбат иложи борича самарасиз ишлашингиз, иложи борича харажатларингиз кўп бўлиши керак. Иложи борича самара камроқ бўлиши керак. Бу сизга ғалати кўриниши мумкин, лекин сиз эртага ҳукуматнинг олдига келганингизда, харажатим 1000 сўм, ишлаб чиқаришим 100 сўм, фарқини тўлаб беринг, деб айтасиз. Демак, агар сал самарали технология қўйиб, самарали жараён ташкил қилсангиз, ҳукумат сизга рағбат бермайди, нархни оширмай қўяди, холос. Ишлаб чиқарувчи нархни шиширишга, ҳукумат туширишга ҳаракат қилади. Лекин натижада бу нарса учун жамият тўлайди. Ҳукумат миллиардлаб доллар субсидиялашга ажратади, бизнинг пулимиз шу нарсага ишлатилиб кетади.
Энергетика ислоҳоти нисбатан осон ислоҳот, лекин уни қанчалик чўзиб борсангиз, харажат шунча қимматга тушади. Нарх оширилди дегани яхши бўлади дегани эмас, ислоҳот қилиниши керак. Ислоҳот қилинса, нарх балки ошар, лекин “нарх ошиши = ислоҳот” дегани эмас.
Ҳукумат қачон бизда энергия бозорига етамиз, ва бунинг учун нима қилишимиз кераклиги ҳақида бизга хабар беришини хоҳлардим. Нархни оширамиз, бунақа ислоҳот қиламиз, генерацияни хусусийлаштирамиз, мана бунинг ҳисобига самарадорликни оширамиз, энергия бозорни яратамиз, деган қадамларни айтиб, 2026 йилга бориб бюджетдан субсидия олмаймиз деган гапни айтишса, ислоҳот қилишяпти дердим. Ҳозир эса нархлар аввалгидек индексация қилиняпти.
— Юридик шахслар муайян лимитдан кўпроқ энергия сарф қилса, ортиқча ишлатилган энергия учун икки баробар нархда ҳисоб-китоб қилинадиган бўляпти. Сиз ўз каналингизда бу чорани қиммат хато деб атадингиз. Шу масалага ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Энергоресурслар бошқа товарлар сингари бозорда сотилиши керак. Ҳозир юридик шахслар энергетика учун бозор нархида тўлашяпти. Яъни бугунги кунда, сизнинг студиянгиз юридик шахс бўлгани учун катта эҳтимол билан бозор нархида тўлаяпсиз. Дейлик, Ўзбекистонда катта тадбир бўлиб қолди-да, сизлар кўп интервю қилишни, кўпроқ журналистларни ишга олишни бошладингиз. Шу ойда электр энергияси истеъмоли кўпайди. Ҳукумат бунақа бўлиб қолса, сизларни жазолаймиз деяпти. Яъни сизлар бир ой олдин келажакдаги истеъмолингизни кўра олишингиз керак. Шу қанақадир ғалати туюлади. Бу самарали, ривожланаётган корхоналарга нисбатан солиқдек.
Ёки масалан, сиз перашка сотасиз, бугун 100 та сотдингиз, эртага кўпроқ. Нимадир бўлиб, сизнинг перашкангиз ҳаммага ёқиб қолди-да, 1000 та одам келди. Сизда энергия харажати 10 баробарга кўпайиб кетди. Сиз яхши ишладингиз. Ўсиш траекториясида бўлган корхоналарга жазоловчи инструмент ўйлаб топяпмиз.
Сиз биринчи ой 1000 kWh, иккинчи ой 2000 kWh ишлатяпсиз, аммо иқтисодий қиймат яратяпсиз. Шу нарса учун сизни жазолаш қанчалик мақсадга мувофиқ? Бу нарса мавжуд корхоналарга нисбатан, ўсмаётган корхоналарга нормал, лекин ўсаётган корхоналарга, янги корхоналарга нисбатан жуда мантиқсиз қарордек туюлди.
Энергетиклар буни энергетикага келажакдаги талабни билиш учун қилишяпти, уларга ҳар бир корхона 100 kWh'дан ишлатса, ҳа бизда 10 та корхона бор, демак бизга 1000 kWh керак дейди. Шуни башорат қила олиш қимматли нарса, шунинг учун уларга қолса, ҳамма белгиланган лимитни ишлатсин-да, жим ўтирсин. Лекин юридик шахсларга бундай жазоловчи чоралар ёмон ҳисобланади.
Ҳақиқий ислоҳот қиладиган бўлсак, энергетиклар кўпроқ ишлатинглар деган бўларди. Масалан, ҳозир сиз кўпроқ сув сотиб олсангиз, сув ишлаб чиқарувчи сизни жазоламайди. Мендан кўпроқ олсин дейди. Бизда энергетика шу қадар ҳақиқий бозордан узоқки, ишлатадиганни жазолаяпти. Демак, бу товар эмас, бу қанақадир неъмат ва биз уни бўлиб олишимиз керак. Лекин аксинча, у товар бўлиши керак. Энергетиклар тиғиз бўлмаган пайтда ёқсангиз, арзонроқ қилиб бераман деб айтиши керак балки. Чунки улар товарни сотишга қизиқиши керак. Ҳозир эса уларнинг мақсади сотиш эмас, тақсимлаш. Бюрократлардек ишлашяпти, фойда келтирувчи корхонадек эмас. Бизда GM ҳам шунақа-ку, уларда мақсад машина сотиш эмас, машинани тақсимлаш – олибсотарларга қарши курашади ва ҳоказо…
— Иккаласида ҳам бир хил муаммо – бозор йўқлиги. Автосаноатда рақобатли бозор йўқ, ягона монополист бор. Энергетикада ҳам шундай.
— Лекин автомобил бозори энергетика сингари ёмон бозор эмас. Энергетика анча ёмонроқ бозор. Автомобил бозори ёмон, божлар билан ҳимояланган, лекин энергетика бозори билан солиштирганда, ўзбекча айтса, ўлса ўлиги яхши. Мен ҳам ҳар бир ўзбекистонлик сингари автомобил бозорини севмайман, лекин сизлар энергетика бозори қанчалик ҳақиқатдан йироқлигини билсангиз, автомобилникидек бўлса, яхшироқ эди деган бўлардингиз. Шу даражада нотўғри тизимлаштирилган.
Энергетика бозорида сиз ҳеч қайси нархга энергетикани сотиб ололмайсиз. Автомобил бозори ҳам ёмон, лекин қиммат бўлсаям, чет эл машинасини сотиб ола оласиз. BYD сал қимматдир, лекин сотиб ола оласиз. Лекин уйингизда свет ўчса, бошқа жойдан свет сотиб ололмайсиз. Умуман технологик маънода имкон мавжуд эмас.
— Охирги пайтларда иқтисодий янгиликлар орасида давлат бюджети дефицити мавзуси доимий тилга олиняпти. Йил бошидан бери бюджет даромадлари 111 трлн сўм, харажатлари эса 148 трлн сўм бўлган. Бунинг иқтисодиётга, инфляцияга таъсири қанақа бўлади, умуман ўзбекистонликлар бюджет дефицити масаласига қандай қараши керак?
— Бюджет дефицити – бухгалтерлик нуқтайи назаридан, тушумлардан кўра харажатларнинг кўплиги. Бу уй хўжалиги даражасида ҳам, корхоналар даражасида ҳам бўлиши мумкин. Уй хўжаликлари 10 йиллаб ҳам тақчилликда кун кечиришлари мумкин, лекин русча айтганда йўл охирида бир нур кўринадими, йўқми?
Бюджет тақчиллигини асосий қутқарадиган нарса – “майли, бизда ҳозир тақчиллик бўляпти, лекин 5 йилдан кейин, 10 йилдан кейин нурли келажакда бизнинг даромадларимиз кўп бўлади-да, биз ҳозирги қарзларимизни ёпиб юборамиз” деган назария бор. Оила нуқтайи назаридан қарасак, эр-хотин иккаласи ҳам ўқияпти, уларнинг харажатлари топишидан кўра кўпроқ. Ўша харажатини банкдан қарз олиб ёпяпти. Улар қандай ўйлайди – 4 йил ўқиймиз, ўқишни битиргач, ишга кирамиз, катта ойлик оламиз ва қарзларимизни ёпамиз. Қайсидир моментда тақчиллик муаммо бўлмаслиги мумкин, агар сизда режа бўлса.
Айтмоқчиманки, ҳозирги харажатларимиз бизга келажакда кўпроқ даромад топишга ёрдам берувчи харажатлар бўлиши муҳим. Оила мисолида гаплашсак, у оила ўқимасдан, олган қарзи ҳисобидан дискотекага борса, уларнинг 4 йилдан кейин ҳам даромади кўпаймайди ва уларда тақчиллик муаммога айланиши мумкин. Муҳим фалсафий савол – бюджет тақчиллиги бизни бойитувчи нарсаларга кетяптими ёки йўқми деган савол.
Ўзбекистон Конституциясида бу саволга жавоб бериши керак бўлган институт – парламент. Парламент ҳар йили бюджетни қабул қилади, унда харажатларимиз кўпми? Кўпчилик ҳа кўп дейиши мумкин. Демак кўрпага қараб оёқ узатишимиз, харажатларни қисқартиришимиз керак. Савол: қаерда кесишимиз керак харажатларни, нималарга камроқ сарфлашимиз керак? Иқтисодчи сифатида фикрим, эртага фойда келтирмайдиган нарсалардан воз кечишимиз керак.
Дейлик, бир депутат мактабнинг томини алмаштириш керак дейди, яна бири эса гуллар фестивалини ўтказишимиз керак дейди. Ёки қуёнлар фестивали. Томни ёпиш қанчага тушади, фестивал қанчага тушади? 10 та томни ямаш мумкиндир битта фестивални ўтказишга? Савол туғилади: томни ямаш бизга нима олиб келади? Таълим даражаси яхшироқ бўлади, болалар яхшироқ ўқиб, эртага солиқ тўловчи бўлади дейишингиз мумкин. Қуёнчилик фестивалини ҳам кимдир айтиши мумкин, фестивал қуёнларни яхши боқишга, қуёнбоқарлар эртага бизни бойитишга олиб келади дейиши мумкин. Шу нарсалар устида дискуссия қилинадиган майдон ва қонуний макон – парламент. Биз жамият сифатида танлашимиз керак. Қайси харажатни кесишни ҳукумат эмас, парламент ҳал қилиши керак. Чунки ҳукуматда доим қисқа режалари бўлади.
Ҳукумат конституцияда белгилангани каби ижрочи бўлиши керак ва уни яратишда қарорни бажарувчи сифатида қатнашиши керак. Бу менинг идеалимдаги Ўзбекистон. Балки бунинг натижасида дефицит ҳам эпақага келиб қолган бўларди.
Мадина Очилова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
12:40 / 19.11.2024
2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари 1,5 баробарга ошади
14:37 / 18.11.2024
Бюджет харажатлари устидан парламент назорати деярли сезилмаяпти — президент
19:18 / 05.11.2024
Ўзбекистоннинг 2025 йил учун давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинди. Асосий маълумотлар
17:50 / 30.10.2024