Ўзбекистон | 10:00 / 03.07.2024
11564
16 дақиқада ўқилади

Қувасойда турк инвестори иштирокидаги лойиҳа тўхтаб қолди. Бунга ҳоким сабабчими?

Қувасойда боғча болаларини сифатли овқатлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳаси тўхтаб қолди. Лойиҳа ташаббускори ва туркиялик инвестор шаҳар ҳокими Зафар Тўрақуловни лойиҳани ўзиники қилиб олишга уринганликда айблаяпти. Тўрақулов айбловни рад этди, лекин таъсис этилган фирмадаги 40 фоиз улуш унинг қариндоши номига расмийлаштирилгани – факт.

2023 йилнинг декабридан бошлаб Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида “Соғлом таом – соғлом миллат” лойиҳасига қўл урилади. Лойиҳага кўра, ҳудуддаги айрим боғчаларга марказлаштирилган ҳолда умумий овқат тайёрлаш корхонаси томонидан хизмат кўрсатилиши, бунда 5 минг нафар бола махсус ишлаб чиқилган рацион асосида таомланиши кўзда тутилган.

Буни амалга ошириш учун лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, объект қурилган, хориждан ускуналар ва жиҳозларнинг бир қисми импорт қилинган. Аммо кўп ўтмай, лойиҳа боши берк кўчага кириб қолган.

Kun.uz'га мурожаат қилган лойиҳа муаллифларидан бири Муаззам Иброҳимова бунга Қувасой шаҳар ҳокими Зафаржон Тўрақулов сабабчи эканини айтди. Ўз навбатида, Тўрақулов бу айбловларни рад этмоқда.

Зафаржон Тўрақулов Қувасой шаҳар ҳокими

Иброҳимованинг таъкидлашича, унинг мақсади – боғчаларда сифати кафолатланган соғлом овқатланишни йўлга қўйиб, болалар саломатлигини сақлашга ҳисса қўшиш эди. Шу мақсадда Қувасой шаҳар ҳокимияти делегацияси билан бирга Анқарага борганида, делегацияга ўша ердаги кейтеринг лойиҳасини намуна қилиб кўрсатган.

Муаззам Иброҳимова лойиҳа ҳаммуаллифи

“Шаҳар делегациясининг Анқарага ташрифини ўзим режалаштирганим учун, яъни ҳамма корхона, ташкилотларга боришларига ўзим ёрдам берганим учун, кейтеринг лойиҳасига ҳам олиб бордим. Мақсадим ҳоким ва делегация шуни кўриб, ўзимизда ҳам тарғиб қилсак, афзалликлари билан танишишларини хоҳлагандим. Ҳоким боролмади, лекин делегация кўриб жуда мақтади. Қувасойга қайтганимиздан кейин, ҳоким Зафарбек Тўрақулов чақиртириб, “Муаззам опа, шуларни чақиртириб, ўзимизда очайлик, роса мақташди”, деди.

Мен: “Бу ишни биз мутахассислар билан анчадан олдин гаплашиб юрган эдик, хурсанд бўлдим”, дедим. Кейин ҳокимнинг ўзи чипта олиб бериб, [турк мутахассисларни] чақиришди. Икки нафар мутахассис сармоядор келди.

Шундан сўнг жой кўришни бошладик, бизга 500 квадрат метрлик жой етарли эди. Шаҳардаги бир қанча жойни кўрдик, лекин қайси жой бўлмасин, [ҳоким] “бу зўр лойиҳа, иложи борича юрт раҳбарларига кўрсатиш керак, лекин сиз топган жой хароба, бу ерга вилоят ҳокими, президентни олиб келолмайман, бўлмайди бу ерлар”, деганидан кейин, Пакана қишлоғидаги саноат зонасининг ичидаги ерга тақалди. Ўзаро келишдикки, ҳоким: “Мен қуриб бераман, сизлар менга ойига 5 минг доллардан тўлаб, ишлатиб юргазасизлар”, деди. Шунга келишдик”, – дейди Иброҳимова.

Лойиҳа реализацияси учун ҳаракат бошланди

Лойиҳа Фарғона вилояти ҳокимига ҳам тақдим этилади ва вилоят раҳбари томонидан жараённи тезлаштириш бўйича топшириқ берилади. 2024 йил апрел ойида Қувасойда “Turan Catering International” МЧЖ ташкил этилиб, Пакана қишлоғида 2 минг квадрат метр майдонга эга объект қурилиши бошланади.

Статистика агентлиги сайтидан олинган “Turan Catering International” МЧЖ ҳақидаги маълумотлар
Қувасой шаҳрининг Пакана қишлоғида лойиҳа учун қурилаётган объектдан сурат

МЧЖ шаклидаги қўшма корхонага турк инвесторлари (50 фоиз), Муаззам Иброҳимова (10 фоиз) ва Қувасой ҳокимининг қариндоши Элбек Жўраев (40 фоиз) таъсисчи бўлади.

“Лойиҳани амалга ошириш, болаларни соғломлаштиришда биринчи қадамни қўйиш учун “майли, ҳоким тижорий томонини ўйлаяпти, шундай бўлса ҳам 40 фоиз билан кира қолсин”, деб рози бўлдим. Шундан кейин иш тезлашиб кетди.

“Биласиз, мен давлат одамиман, бу ишга мен киролмайман, ўзимни одамимни киргазаман”, деди. Рози бўлдим, Жўраев Элбек Воҳиджон ўғли таъсисчи бўлиб кирди. Ўзи ёш бола, бу одамни биз МЧЖ рўйхатдан ўтаётган вақтда ягона дарчада кўрдим, холос. Ундан кейин на таъсис шартномасини имзолашга, на банкда ҳисоб рақамини очишга тополмадим”, – дейди МЧЖ раҳбари Муаззам Иброҳимова.

Kun.uz'нинг ишончли манбалари берган маълумотга кўра, Элбек Жўраев – ҳақиқатан ҳам Зафаржон Тўрақуловнинг қариндоши (турмуш ўртоғининг жияни).

“Биз бошқарамиз, сизлар ишлаб берасизлар”

Иброҳимовага кўра, вилоят ҳокимининг оғзаки топшириғи билан объект май ойининг охиригача тайёр қилиниши керак бўлган. Бу вақтда компания раҳбари Туркиянинг Vital заводи билан ошхона учун жиҳозларни Ўзбекистонга юборишни келишишга уринган.

Музокаралардан кейин завод раҳбари 552 минг долларга олиниши керак бўлган ошхона жиҳозларининг 300 минг долларини ҳозир тўлаш кераклигини, қолган 252 минг долларини эса охирги TIR чиқиб кетгунича берилишини айтган. Бунинг учун экспорт-импорт шартномаси тузилиб, 300 минг доллар пул турк инвесторлари томонидан тўланган. Бу ҳақда Kun.uz суҳбатлашган туркиялик инвесторнинг вакили Али Кирлангич сўзлаб берди.

Туркиянинг Vital заводи билан тузилган шартнома ва 300 минг доллар тўлангани ҳақидаги ҳужжатдан скриншот

“Биз заводга 552 минг долларга ўзимиз учун мослаштирилган барча печлар, ускуналарни тайёрлаттириб, шунинг 300 минг долларини заводга тўладик. 2 та TIRга 154 минг долларлик юкни юклаттириб, Беш бола постигача (“Водий” ТИФ божхона пости – таҳр.) олиб келтирган вақтимизда уни яна ортга қайтариб юбордик. Чунки Зафарбек 552 минг доллар миқдоридаги товарларнинг ҳаммаси келганидан кейин пулини тўлаб бераман деди. Биз унга ишонмадик, ҳеч бўлмаса, товарлар келгач пулини қоплаб беришингиз учун расмий ҳужжат ёзиб беринг деб сўрадик, уни ҳам ёзиб бермади. Шунинг учун ҳокимнинг бу пулни тўлаб беришига кўзимиз етмади. Шундай бўлса ҳам биз 154 минг долларлик товарларни олиб келгандик. Лекин уларни реэкспорт қилдириб, чегарадан қайтариб юборишга мажбур бўлдик.

Али Кирлангич лойиҳа ҳаммуаллифи

Биз бу лойиҳани бошлаган вақтимизда ҳеч қандай муаммо бўлмаётганди. Бизга ишлашимиз учун бир офис ва яшашимиз учун эса бир жой тайёрлаб беришди. Лойиҳамиз ва объектнинг қурилиши 80-90 фоизи битганча, бирор тўсиққа учрамадик. Лекин охирига келганда Зафарбекнинг 2 та одами Мўйдинбек, Дилшодбек ва Тошкентда тадбиркорлик қиладиган 2 нафар Туркия фуқаролари келиб, бизга босим ўтказа бошлашди. 4 киши ишимизга аралашиб, стол устига уриб “бундан кейин биз бошқарамиз, сизлар ишлаб берасизлар” деб қўпол муносабатда бўла бошлашди.

Ундан кейин биз яшаётган жойда интернетимизни, чироғимизни ўчириб қўйишди. Биз ўша жойдан чиқиб кетишимиз учун максимал ҳаракат қилишди. Ҳокимнинг сўнгги қилган ҳаракатлари худди “ҳамма фойда туркларга эмас, ўзимга бўлсин” деган маънони берди. Биз бу ишдан катта зарар кўрдик”, – дейди лойиҳа ҳамкори Али Кирлангич.

Муаззам Иброҳимова ҳам ҳоким туркиялик ҳамкорлар билан алоқани узиш истагида бўлгани ҳақида гапирмоқда.

“Ҳокимга телефон қилиб, турклар ўзининг масъулиятини бажарганини, энди қолганини иккаламиз бажаришимиз кераклигини, ҳисобрақам очиб, “Turan Katering International” номидан қолган пулни чиқариб юборишимиз кераклигини айтдим. Ҳоким эса жим, жавоб ёзмади. Ўша куни қурилиш объектига бориб, укамга бир сўм чиқармаслигини, қурилишга пул сарфлаганини айтган.

Кейин шу ерда бир ғалати гап бўлдики, “опа, нима қиласиз, буларнинг пиширган овқатини ит емайди-ку, шуларнинг сотиб олган нарсасини олиб, ўзини кетказиб юборайлик, ўзларингиз ишлайверинглар, фойдаси сиз ва менга бўлади”, деди. Мен келган одамлар мутахассис эканини, уларни йўқота олмаслигимни, [уларсиз] тизимни ишлата олмаслигимни айтдим. Булар ҳар бир болага индивидуал ёндашилган дастурлар ёзиб чиқишгани, дастурларда оила, боғча, умумий овқатланиш корхонаси, шифохона, вазирликларнинг ҳаммаси уланиб, боланинг саломатлигини назорат қилиши мумкинлигини гапирдим. Яъни ҳар бир ота-она боласи учун нима овқат пиширилаётгани, нима овқат еётганини кўради, вазирнинг ўзи ҳам видеокамералар орқали кириб томоша қилиши мумкин. Шуларни айтсам, ҳамма гапларим сафсата эканини, пул бермаслигини таъкидлади. Мен учинчи таъсисчи бўлиб қўшилганини эслатдим, шу билан фикридан қайтмади”, – дейди Иброҳимова.

“Хоҳласанг-хоҳламасанг гўштни ўғирлашга мажбур бўласан”

Иброҳимова ҳоким билан суҳбатда масалани ижобий ҳал қилолмагач, турк ҳамкорларини чақирган ва ҳоким билан қайта учрашув белгилаган. Суҳбатдошга кўра, шаҳар раҳбари учрашувга келмаган, ўрнига унинг катеринг тизимини билмайдиган қўл остидаги одамлари келиб, иккинчи томонни сўроқ қилиб, қўпол гаплашган.

“Хуллас, эртаси куни ҳокимсиз олдимга келиб, “ҳокимни эсдан чиқаринглар, у билан боғланмайсизлар, телефон қилмайсизлар” деб менга буйруқ беришяпти. “Сизлар нега бу ерга келдинглар”, десак, столга тарс этиб уриб, “сенлар ишлайсан, биз назорат қиламиз”, деди. Профессионал катерингчилар ишини пардачи назорат қиладими? Қайси қонунда ёзилган? Биз ҳамма нарсани бошидан охиригача ўйлаб, дастурларни тузиб чиққанимизда, менга “хоҳласанг-хоҳламасанг гўштни ўғирлашга мажбур бўласан” деб тавсия беряпти. Биз қилган тизимда бир грамм гўштни ўғирлаб бўлмайди. Яъни болага ажратилаётган ҳақ тўла-тўкис болага етказилади. “Мажбур бўласан ўғирлагани”... Агар алдаяпти деса, овозли ёзувлари бор. Ёки менга олдиндан нархини оширишни айтишяпти. Кечиради-ю, болаларга ажратилаётган пул кам бўлса ҳам ишимни кўрсатмасдан туриб уни ўзгартиролмайман.

Шу билан пул жўнатмаслигини айтди, биз шокдамиз. Ошхона жиҳозларини юборадиган завод оёғимизни битта этикка тиқяпти, тезроқ пул чиқаришимизни айтяпти. Пул тўламаганимиз учун завод Грузия чегарасига етган 2 та TIRимизни орқага қайтарди. Жуда хунук иш-да. Ҳаттоки, бориб ўзимнинг чекимдаги 55 минг долларни “Turan Katering International” номидан чиқариб юбораман десам, ҳисобрақами оча олмаяпман, чунки 3-таъсисчининг паспорти билан келиши талаб қилинди, лекин бу таъсисчининг на телефони, на бошқаси бор.

Фақат пулни ўйлади, шунча тикдим, бунча тикдим... Мен тушуняпман, лекин мен ундан катта хайҳотдек жой қуриб беришни сўраганим йўқ. Агар бошидан келишувимизда “мен қуриб бераман, ичини ўзинг тўлдириб, манга 5 минг доллардан берасан” деганида рози бўлмас эдим. Буни ўзининг манфаати, ўзини ўйлаб, кўпроқ пул топиш учун қурган”, – деди Иброҳимова.

Суҳбатдошга кўра, 40 фоизли улуш эгаси, яъни Жўраев Элбек Воҳиджон ўғли ошхона ускуналарини олиб келиш учун жами 154 минг доллар тўлов қилиши лозим бўлган. Аммо бу амалга оширилмаган.

Ҳокимият берган изоҳга кўра, Элбек Жўраев 15 млрд сўмга бино қурган, ташаббускорлар (туркиялик инвестор ва Иброҳимова) эса ўзининг вазифасини бажармаган. Бироқ, Иброҳимова жами 6 та TIR'дан 2 та TIR бўлса ҳам жиҳозлар вақтида олиб келингани ва божхона постида турганини айтди. Яна 2 та TIR эса пул тўланмагани учун Грузия чегарасидан қайтиб кетгани, қолган 2 таси юклашга тайёрлиги маълум қилинди.

Қувасой шаҳар ҳокимияти сайтида берилган расмий муносабатдан скриншот

Kun.uz'га тақдим қилинган ҳужжатга кўра, “Turan Katering International” МЧЖнинг 10 фоиз улушдори Муаззам Иброҳимова 60 минг евро (812,8 млн сўм), 40 фоиз улушдор Элбек Жўраев 240 минг евро (3,3 млрд сўм), қолган 50 фоиз улушдор турк томони эса 300 минг евро (4,6 млрд сўм) миқдорида уставни шакллантириши керак бўлган.

“Turan Katering International” МЧЖнинг Устав ҳужжатидан олинган скриншот

Иштирокчиларнинг устав фондидаги улушлари пул маблағлари, мол-мулк, кўчмас мулк, асбоб-ускуналар, интеллектуал мулк ва бошқа кўринишда киритилиши мумкинлиги қайд этилган.

Вазиятнинг энг эътиборли нуқтаси томонлар ўртасида шартнома тузилмагани билан боғлиқ.

“2 та шартнома ташлаганман. Мен шартномани эслатган пайтларимда: “Вилоят ҳокимининг келгани, вилоят ҳокимининг гапи 10 та шартномадан ортиқ эмасми, вилоят ҳокимининг ундай-бундай дегани сизларга шартноманинг ўрнини босмайдими, Муаззам опа, сизлар аввал жиҳозларни олиб келинглар, кейин шартномалар ҳам тузилаверади”, деди. Биз ютқазган жойимиз ҳам шу бўлди. Яъни ҳозир судга мурожаат қиладиган бўлсак, “қани шартномаларинг, сен аҳмоқмисан, жиннимидинг бундай иш қилгани? Нега ҳамма жойига қўл қўйдирмадинг, муҳр йўқ, келишув қилмадинг, нега уларнинг гапига ёш боладек ишониб қолдинг”, дейди. Ҳа, ёш боладек ишондим”,– деди Иброҳимова интервю сўнггида.

Ҳоким: “Инвесторлар ўзаро келишолмаяпти”

Ҳолат юзасидан Қувасой шаҳар ҳокими Зафаржон Тўрақулов лойиҳада шахсий манфаати борлигини рад этиб, можарога инвесторлар ўртасидаги келишмовчилик деб баҳо берди.

“Уларнинг инвесторлари Ўзбекистонга келишган, бу борада ҳеч қандай қаршиликлар йўқ. Уларга қандай жой керак бўлса, саноат зоналарида бўш ерларимиз бор дедик. Инвесторлар ўртадаги маблағни келиша олмаяпти. Улар бунча пул тикасан деса, буниси бунча тикасан деяпти, ўртада қозилик қилиб беряпман. Энди инвестор келиб қолса, Қувасойга инвестиция кирса деб ҳаракат қиляпмиз, лекин буларнинг ўртасида молиявий можаро келиб чиқяпти-да. Ҳозир фирмани очишган, лекин иккала томон ҳам бир сўм киритмаган, шунинг учун тўхтаб турибди. Бинолари йўқ, битта бинони топиб бергандим, ўртада унинг ҳам харажатларини келиша олмади, шу билан тўхтаб турибди-да”, – деди у.

Тўрақулов лойиҳа фақат боғчалар учун мўлжалланмаганини айтди.

“Бу лойиҳа фақат болалар учун эмас-да. Қувасойда саноат корхоналари кўп, “Кварц” бор, Қувасой цемент заводи бор, янги саноат корхоналаримиз тушяпти – буларнинг ҳаммасини ривожлантириш бўйича бир лойиҳа қилиняпти. Бошқа гап йўқ бу ерда. Фақат болаларни овқатлантириш ҳақида гап кетмаяпти-да. Болаларни овқатлантириш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан келишилиб, шартнома қилиниши керак, бу бўйича 100 фоизлик кафолат берилгани йўқ ҳали”, – деди Қувасой шаҳри раҳбари.

У таъсисчилардан бири бўлмиш Элбек Жўраевга алоқаси йўқлигини, бу борада айтилаётган гапларнинг ҳаммаси нотўғри эканини таъкидлади. Барча саволларга ёзма равишда жавоб тақдим қилинишини айтиб, матбуот котиби Kun.uz билан алоқага чиқиши ва саволларимизни матбуот котибига беришимизни айтди.

Аммо ҳозирда Қувасой шаҳар ҳокимиятининг ахборот хизматида ҳеч ким ишламаётгани сабаб саволларни ҳоким Зафаржон Тўрақуловнинг ўзига юбордик. Шунча вақт ўтишига қарамай, шаҳар ҳокими саволларимизга жавоб бермади, такроран қўнғироқларимизни эса кўтармади.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчи Шерзод Эгамбердиев.

Мавзуга оид