Ўзбекистон | 08:15 / 05.07.2024
4766
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Озарбайжонга боради

Давлат раҳбари Шушада бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этиш учун 5−6 июл кунлари амалий ташриф билан Озарбойжонда бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 5−6 июл кунлари амалий ташриф билан Озарбойжонда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари Шуша шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг «Транспорт ўзаро боғлиқлиги ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш орқали барқарор келажакни барпо этиш» мавзусидаги норасмий саммитида иштирок этади.

Саммит давомида кўп томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация ва инвестиция-молия соҳаларида, шунингдек, «яшил» иқтисодиёт, қайта тикланадиган энергетика, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва инсон капиталини ривожлантириш йўналишларида янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.

Қайд этилишича, делегациялар раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳам кўриб чиқади.

Тадбир якунида қатор қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган.

Мавзуга оид