Жамият | 14:00 / 09.07.2024
3997
1 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда тоғда жароҳат олган фуқаро қутқарилди

Уч киши сайр қилиш мақсадида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Қулосой шаршараси яқинига борган. Бироқ улардан бири эҳтиётсизлиги оқибатида оёғидан жароҳат олган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Қутқарувчилар Бўстонлиқ туманида тоғда жароҳат олган фуқарони қутқаришди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 8 июл куни соат 13:09 атрофида уч киши сайр қилиш мақсадида Бўстонлиқ тумани Бурчмулла маҳалласидаги Қулосой шаршараси яқинига бориб, улардан бири эҳтиётсизлиги оқибатида чап оёғидан жароҳат олгани ҳақида хабар келиб тушган.

Чимён ёнғин-қутқарув отряди ва Бўстонлиқ тумани ФВБнинг бир гуруҳ қутқарувчилари айтилган манзилга етиб борган ва жароҳат олган фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Шундан сўнг, улар денгиз сатҳидан 1800 метр баландликдан хавфсиз ҳудудга олиб тушилиб, жароҳатланган фуқаро тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган.

Фуқаронинг умумий аҳволи яхши бўлганлиги сабабли шифокорлар томонидан яшаш уйига рухсат берилган.

Олдинроқ Бўстонлиқ туманидаги Кичик Оқсой тоғига сайр қилишга бориб адашиб қолган 4 киши қутқарилганди.

Мавзуга оид