Ўзбекистон | 11:31 / 10.07.2024
2709
2 дақиқада ўқилади

Сенат раиси Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори билан учрашув ўтказди

Учрашувда меҳнат соҳасида гендер тафовутини камайтириш ва камситишга қарши курашиш, имконияти чекланган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, улар учун қулай ва муносиб шароитларни яратиш борасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинган. 

Фото: Senat.uz

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) бош директори Жилбер Унгбо билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Жилбер Унгбо Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон билан самарали ҳамкорлигини юқори баҳолаган ҳамда мамлакатни ташкилотнинг Маъмурий Кенгаши аъзолигига сайлангани билан табриклаган. 

Учрашувда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган мамлакат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар натижалари дунёнинг кўп давлатлари учун намуна бўлиши таъкидланган.

Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг 112-сессиясида белгиланган вазифалар ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларининг устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда 2026–2030 йиллар учун Муносиб меҳнат дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашилган.

Суҳбат якунида меҳнат соҳасида гендер тафовутини камайтириш ва камситишга қарши курашиш, имконияти чекланган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, улар учун қулай ва муносиб шароитларни яратиш борасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинган.

Мавзуга оид