Жаҳон | 22:27 / 12.07.2024
5781
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Россия YouTube'ни блоклашга тайёрланмоқда

Россия ҳукумати YouTube'ни мамлакат ҳудудида блоклашга тайёрланмоқда. Бу ҳақда «Газета.Ru» нашри ёзган. Манбага кўра, блоклаш сентябр ойида амалга оширилади.

Фото: Getty Images

Нашрнинг президент маъмуриятига яқин манбасига таяниб хабарда беришича, июл-август ойларида Россиянинг баъзи ҳудудларида YouTube фаолияти ёмонлашади. Қаердадир сайт секин ишлайди, қаердадир илова қота бошлайди. Блоклаш эса сентябрдан бошланади.

12 июл куни Роскомнадзор YouTube фаолиятида «Google компаниясига тегишли техникалардаги носозлик сабаб» узилишлар кузатилиши ҳақида огоҳлантириш эълон қилди. «Медуза»нинг ҳукуматдаги манбаларига кўра, YouTube тезлиги аллақачон онгли равишда сиқила бошланган.

Кремл расмий вакили Дмитрий Песков Россия ҳукуматида YouTube'ни блоклаш режаси йўқлигини айтди.

Россияда АҚШдаги Meta корпорациясига тегишли WhatsApp мессенжерини ҳам «бўғиш» бошлаб юборилган. Кейинги босқичда мессенжер блокланиши мумкин, аммо Дума депутати Антон Немкинга кўра, ҳозирча бу борада қарор қабул қилинмаган. Депутат мамлакатда WhatsApp фаолияти онгли равишда секинлаштирилаётганини тасдиқлаган.

Депутат Немкиннинг айтишича, Россия Telegram'ни ҳам яна блоклаши мумкин. Москва олти йил аввал бу ишни тўлиқ уддалолмаганди. «Охирги олти йилда биз техник жиҳатдан яхшигина ўсишга эришдик, ҳозир Telegram'ни блоклай оламиз», деган у.

Мавзуга оид