Ҳиндистонда «аср тўйи». Осиёнинг энг бадавлат инсони ўғлини уйлантиряпти
Ҳиндистонлик миллиардер Мукеш Амбани учун ўғлининг бир неча ой давом этган тўйи 600 млн долларга тушади. Бу Амбани бойлигининг 0,5 фоизини ташкил этади. Тўй тадбирларига Рианна, Жастин Бибер, Кэти Перри, Питбул, Backstreet Boys каби юлдузлар таклиф қилинган. Биргина Жастин Бибернинг хизмат ҳақи – 10 млн доллар.
Ҳиндистонда «аср тўйи» ўтказиляпти. 12 июл куни Анант Амбани ва унинг рафиқаси Радика Мерчантнинг Мумбайдаги тўй маросими бошланди. Тўй 3 кун – жумадан якшанбагача давом этади.

Келин-куёв ҳақида
29 ёшли Анант Осиёнинг энг бой одами – Мукеш Амбанининг кенжа ўғли. Амбанилар оиласи Reliance Industries Limited компаниясига эгалик қилади. Унинг бизнеси нефтни қайта ишлаш, чакана савдо, телекоммуникация, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ва рақамли платформа хизматларини тақдим этишни ўз ичига олади. Айни пайтда Forbes Мукеш Амбанининг бойлигини 123,7 млрд долларга баҳолаган ва дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 11-ўринга жойлаштирган.

Радика Мерчант 1994 йилда ишбилармонлар оиласида туғилган. Унинг ота-онаси миллиардерлар Вирен ва Шейла Мерчант — дунё миқёсида таблетка ҳамда капсулалар ишлаб чиқарувчи Encore Healthcare компаниясининг асосчиларидир. Радика дастлаб элита мактабида ўқиган ва кейинчалик Ню-Йорк университетининг сиёсатшунослик ва иқтисод факултетини тамомлаган.
Айрим манбаларда Анант Амбани ва Радика Мерчантнинг болаликдан танишлиги ҳақида айтилган, бошқаларида эса жуфтлик 2017 йилда танишгани ҳақида келтириб ўтилган.
Тўйда кимлар қатнашади?
Тўй маросими Амбаниларга тегишли Мумбайдаги 27 қаватли «Антилия» деб номланувчи мажмуада бўлиб ўтади. Унинг баландлиги 173 метр, майдони эса 37 минг квадрат метрга яқин. Амбаниларнинг хусусий уйларидан бири бўлган бу иншоот 2006 йилдан 2010 йилгача қурилган. Бино қурилиши миллиардерларга 50-70 миллион долларга тушган. Айни пайтда мазкур ҳашаматли уй 2 млрд долларгача баҳоланмоқда.

Анант ва Радиканинг тўйига ташриф буюрадиган меҳмонлар рўйхатидан Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, мамлакатдаги мухолифат партия – «Ҳиндистон миллий конгресси» етакчиларидан бири Сониа Ганди, республика мудофаа вазири Ражнат Сингх, парламент аъзолари, ва бир қатор штатларининг бош вазирлари ўрин олган. Шунингдек, маросимда Болливуд юлдузлари Шоҳрух Хон, Салмон Хон, Амитабх Баччан, Дипика Падуконе, Ранбир Капур ва бошқалар иштирок этишади.
Байрамга таклиф этилган сиёсатчилар рўйхатида АҚШнинг собиқ давлат котиблари Ҳиллари Клинтон ва Жон Керри, Буюк Британиянинг собиқ бош вазирлари Борис Жонсон ва Тони Блер, Канада собиқ бош вазири Стивен Харпер ҳам бор.

Амбанилар меҳмонларни ташиш учун учта Falcon 2000 самолётини ижарага олган. Тадбирда жами 100 дан ортиқ хусусий самолётлардан фойдаланиш кўзда тутилган.
Мумбай полицияси 3 кун давомида шаҳарда транспорт ҳаракатини чеклаб қўйган ва юқори мартабали амалдорлар келиши сабабли тўйни «оммавий тадбир» дея тавсифлаган.
Indian Express шарҳловчиси Леҳер Каланинг таъкидлашича, Амбанилар мамлакатда бу даражадаги ҳашамат ва бойликни очиқча намойиш қила оладиган ягона оила. Ҳиндистонда бошқа ҳеч ким бундай куч ва ижтимоий капиталга эга эмас.

ОАВ маълумотларига кўра, тўйда хонандалар Адел, Лана Дел Рей ҳамда репер Дрейк яккахон концерт беради. Бундан ташқари, пуэрто-риколик қўшиқчи Луис Фонси ва нигериялик репер Рема ўзларининг хит қўшиқлари - Despacito va Calm Down’ни куйлайди.
Тўйда, шунингдек, нуфузли бизнес вакиллари – Билл Гейтс, Google бош директори Сундар Пичаи, Saudi Aramco миллий нефт компанияси раҳбари Амин Носир ҳам иштирок этади. Бундан ташқари, меҳмонлар рўйхатида актриса Приянка Чопра ва унинг турмуш ўртоғи Ник Жонас, актёрлар Жон Сена ва Жан-Клод Ван Дам, Девид ва Виктория Бекхем, бокс афсонаси Майк Тайсон ва бошқа кўплаб шахслар ҳам бор.
Тўйга қанча пул сарфланади?
Daily Mail газетасининг ҳисоб-китобларига кўра, уч кунлик тўй Амбаниларга 320 млн долларга тушади. Беш ойлик тўй олдидан ўтказилган тантаналарни ҳисобга олиб, The Guardian умумий харажатларни тахминан 600 млн долларга баҳолади. Бу Амбанилар оиласи бойлигининг 0,5 фоизини ташкил этади. Пул маблағлари асосан, машҳур юлдузларни Ҳиндистонга олиб келиш учун сарфланган. Масалан, март ойида ўтказилган маросимдаги иштироки учун Рианнага 6 млн доллар тўланган. Жастин Биберга жонли ижродаги қўшиқлари учун эса 10 млн доллар хизмат ҳақи берилади.
Ҳар бир тўй меҳмонига кумуш шарли ҳайкалча, қўлда ишланган рўмол ва совғалар солинган безакли қути кўринишидаги қимматбаҳо таклифнома юборилган. Битта таклифноманинг нархи 10 минг долларни ташкил қилади.
CNN’нинг ёзишича, Амбаниларнинг тўйи мамлакатда ҳинд тўйлари учун янги стандарт ўрнатган ва тўй хизматлари нархининг кескин қимматлашига сабаб бўлган.
Тавсия этамиз
«Credit House» иши: Минглаб одамлар уйсиз ва пулсиз қоляпти
Ўзбекистон | 12:30
«Қувур операцияси»: руслар уни «урушдаги бурилиш нуқтаси» дейишмоқда
Жаҳон | 23:40 / 11.03.2025
Амалдорлар “маҳаллий” хизмат автомобилларига ўтказилмоқда
Ўзбекистон | 16:34 / 11.03.2025
Фирибгарлар ўғирлаган пулларни қайтариб бўлмайдими?
Ўзбекистон | 15:27 / 11.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Путин: «Курскда асир тушганларга террорчилардек муносабатда бўлинади»
Жаҳон | 18:08
-
Париж кўчаларидан бирига Самарқанд номи берилди
Ўзбекистон | 17:56
-
Кутилмаган туҳфа, олий мукофот, ўзбекча гапирган Макрон — Ўзбекистон–Франция муносабатларида янги саҳифа
Ўзбекистон | 17:53
-
Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси АҚШдаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Ўзбекистон | 17:39
Мавзуга оид

00:10
Ҳиндистонда Россияга алоқадор навбатдаги «крипто қироли» ҳибсга олинди

15:06 / 08.03.2025
Россияда миллиардерларнинг бойлиги Трамп келиши билан ортди

17:28 / 04.03.2025
Ҳиндистон-Ўзбекистон транспорт йўлаги Қозоғистонгача узайтирилди

20:26 / 03.03.2025