Жаҳон | 22:57 / 17.07.2024
3931
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг йирик давлат банкларидан бири хорижда UnionPay карталари билан ҳисоб-китоб қилишдан узиб қўйилди

Россиянинг тизимда муҳим бўлган “Росселхозбанк” давлат банки ўзи томонидан чиқарилган Хитойнинг UnionPay тўлов тизими карталари бўйича хориждаги ҳисоб-китоблар тўхтатилишини эълон қилди, деб хабар беради Reuters.

Фото: sputniknews.ru

Ўтган йили РСХБ 80 мингта UnionPay тўлов карталари ва Мир-UnionPay кобейжинг карталарини муомалага киритганини эълон қилган эди. Банк бу карталар бўйича хорижга ўтган йилнинг биринчи ярмида 36 млрд рубллик 2 млн транзакциялар ўтказган. Россияликлар UnionPay карталаридан асосан Бирлашган Араб Амирликлари, Таиланд ва Туркияда фойдаланган.

2022 йилда Visa ва MasterCard глобал тўлов тизимлари Россияни тарк этгач, россияликлар Мир ва UnionPay карталарини чиқаришга буюртмани кўпайтирган ва ўнлаб банклар шундай карталар чиқарган.

Чоршанба куни РСХБ хорижда бўлиб турган мижозларидан 19 июлгача UnionPay карталаридаги пулларини нақдлаштириб олишни сўраган.

Ушбу карталардан нақд пул ечишнинг суткалик лимити 500 минг рубл ёки шунга эквивалент хорижий валюта ҳисобланади.

«Россия ҳудудида карталар чекловларсиз ишлайди. Барча ўзгаришлар тўғрисида қўшимча тарзда маълумотлар бериб борамиз», — дейилади РСХБ баёнотида.

“Росселхозбанк” Хитойнинг UnionPay International тўлов тизими билан 2017 йилдан буён ишлайди ва россияликларнинг кўпчилиги хорижий сафарлари чоғида шу карталардан фойдаланиб келишган.

Мавзуга оид