Жаҳон | 13:00 / 18.09.2024
3244
2 дақиқада ўқилади

Россия элчиси: АҚШ билан қурол назорати бўйича мулоқот имконсиз

Анатолий Антоновнинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучларининг Курск областидаги ҳужуми фонида ҳеч қандай мулоқот, ҳатто дастлабки мулоқот ҳам мумкин эмас.

Анатолий Антонов Фото: Евгения ГУСЕВА

Украинадаги уруш фонида Россия ва АҚШ ўртасида қурол назорати бўйича мулоқот имконсиз. Бу позицияни Россиянинг Вашингтондаги элчиси Анатолий Антонов айтди. Унинг сўзларини 17 сентябр, сешанба куни Россия ОАВ келтирган.

«Украина инқирози, жумладан, Курск области ва Россия ҳудудига чуқур масофага мўлжалланган узоқ масофали тизимлардан фойдаланиш бўйича потенциал қарорлар атрофида содир бўлаётган воқеалар фонида ҳеч қандай мулоқот, ҳатто дастлабки мулоқот ҳам мумкин эмас», деди у.

Унинг сўзларига кўра, Москва «умуман хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашуви ва хусусан, Россия-Америка муносабатларининг умумий контекстидан стратегик масалаларни олиб ташлаш имкониятини» қатъий рад этади.

Tomahawk'ни Германияда жойлаштириш

Аввалроқ, 10 июл куни Қўшма Штатлар Россияни тийиб туриш учун НАТО бўйича европалик ҳамкорларини ҳимоя қилиш чораларини кучайтириши маълум бўлган эди. Хусусан, Tomahawk қанотли ракеталари ва бошқа узоқ масофага учувчи қуроллар 2026 йилдан бошлаб Германияда вақтинча жойлаштирилади.

Вашингтондаги НАТО саммити арафасида эълон қилинган АҚШ-Германия қўшма баёнотида, шунингдек, SM-6 зенит ракеталари ва «Европадаги мавжуд ерости тизимларидан сезиларли даражада каттароқ масофага эга» гипертовушли қуролларнинг янги турлари тилга олинган. Шунинг учун Германия совуқ урушдан бери биринчи марта Россия ҳудудига етиб бора оладиган қурол тизимларини қабул қилади.

Tomahawk қанотли ракеталари, худди Германиянинг TAURUS ракеталари каби, паст-баландликларда душман ҳудудига чуқур кириб бориш ва қўмондонлик марказлари, бункерлар ва радарлар каби муҳим нишонларни йўқ қилишга қодир. Tomahawk кемалар ва сувости кемаларидан, TAURUS - самолётлардан учирилади.

Берлин Россиянинг 2019 йилда Ўрта ва узоқ масофали ракеталарни йўқ қилиш шартномасидан чиқишига жавоб сифатида Американинг ўрта масофали ракеталарини Германияда жойлаштириш масаласини кўриб чиқмоқда.

Мавзуга оид