Жаҳон | 12:50 / 22.07.2024
5225
2 дақиқада ўқилади

Боку: Россиядан газнинг Украина орқали кейинги транзити давом этиши мумкин

Россия, Украина ва Европа Иттифоқи ҳукуматлари билан Россия Федерациясидан газ транзитини давом эттириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда, деди Озарбойжон президенти Алиев. Киев Москва билан йил охирида тугайдиган келишувни янгиламоқчи эмас.

Фото: Axel Heimken/dpa/picture alliance

Озарбойжон Украина орқали Россиядан Европа Иттифоқига газ транзитини давом эттириш масаласида воситачи бўлмоқчи. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Шуша шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда Россия раҳбарияти, шунингдек, Украина расмийлари ва Европа Иттифоқи билан амалдаги шартнома муддати тугаганидан кейин етказиб беришни давом эттириш бўйича музокаралар олиб борилаётганини билдирди. Шартнома узайтирилиши мумкин, деди у.

«Иложи бўлса ёрдам берамиз», - дея қўшимча қилди Озарбойжон раҳбари. Алиев Европа Иттифоқи ва Украина музокараларни осонлаштириш талаби билан Бокуга мурожаат қилганини таъкидлади.

Россия газини Украина орқали транзит қилиш бўйича шартнома 5 йилга тузилган ва муддати 31 декабрда тугайди. Украина расмийлари аввалроқ келишувни узайтириш ниятида эмаслигини билдирган эди. Шу билан бирга, Киев маълум шартлар ва ЕИ компаниялари иштирокида транзитни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлади.

ЕИнинг қатор давлатлари Украинадаги уруш фонида Россиядан газ оляпти

Украинада уруш бошланганидан бери Россиядан Европа Иттифоқига газ импорти асосан тўхтатилди. Бироқ, Марказий Европадаги баъзи Европа Иттифоқи давлатлари ҳали ҳам Украина ҳудуди орқали транзит ўтадиган Россия хомашёсига боғлиқ. Хусусан, Австрия сотиб оладиган газнинг салмоқли қисми айнан шу йўналиш бўйлаб келади.

Бундай давлатлар Украина орқали транзит тўхтатилса, «жиддий муаммоларга» дуч келади, чунки улар бошқа етказиб берувчилардан газ сотиб олиш учун яна «юз миллионлаб» тўлаши керак, дейди Алиев. Боку «эҳтиёткорлик билан» ҳаракат қилмоқда, чунки ўтмишда Россия газини реэкспорт қилишда ноўрин айбланган, дея қўшимча қилди Озарбойжон президенти.

Айни пайтда Россия Федерациясидан Украина орқали Европа Иттифоқига газ транзитининг йиллик ҳажми қарийб 15 миллиард куб метрни ташкил этади, дея қайд этади Reuters. 2022 йилда бу кўрсаткич 150 миллиард куб метрга етди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид