Жаҳон | 15:15 / 23.07.2024
2592
3 дақиқада ўқилади

Германия Россияга қарши ҳимоя воситаларини кучайтиришни таклиф қилди

Кремлнинг ҳаракатлари Европада эркинликка таҳдид солади, Германия ўзини ва Болтиқбўйи давлатларини ҳимоя қилишни зарур деб ҳисоблайди, деди Анналена Бербок АҚШ билан узоқ масофали қуроллар бўйича келишув фонида.

Анналена Бербок Фото: Christian Mang/REUTERS

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Қўшма Штатлар билан Германияда Tomahawk қанотли ракеталари ва бошқа узоқ масофали қурол тизимларини вақтинча жойлаштириш тўғрисидаги келишув ҳақида гапирди. Funke медиа-гуруҳи Германия дипломатияси раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирган: «Россия президенти Владимир Путин Европада эркинлигимизга таҳдид солувчи арсенални доимий равишда кенгайтирмоқда».

«Биз ўзимизни ва Болтиқбўйидаги ҳамкорларимизни бундан ҳимоя қилишимиз керак, шу жумладан тийиб туришни кучайтириш орқали», - дея тушунтирди Бербок. Бошқа ҳар қандай хатти-ҳаракатлар «нафақат масъулиятсизлик, балки совуққон, ҳисоб-китобли Кремл олдида содда бўлади», дея қўшимча қилди у. 

Берлин Москва билан бошқача муносабатда бўлишни истайди, аммо «Россия ҳозирда хавфсизликка энг катта таҳдид солмоқда», деб таъкидлади Бербок. Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Кремл қурол-яроғ бўйича халқаро шартномаларни бузди ва умумевропа тинчлик архитектурасини йўқ қилди. Бу билан Москва «бизни қўрқитмоқчи, босим ўтказмоқчи ва жамиятимизни бўлмоқчи», дея қўшимча қилди Германия ташқи ишлар вазири. 

Германияда Tomahawk ракеталари 2026 йилдан жойлаштирилади

АҚШнинг НАТО бўйича европалик ҳамкорлари ҳимоясини кучайтириш тўғрисидаги қарори Шимолий Атлантика алянси Вашингтондаги саммитида маълум бўлди. Tomahawk қанотли ракеталари ва бошқа узоқ масофага учувчи қуроллар Германияда 2026 йилдан бошлаб вақтинчалик жойлаштирилади. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар ва Германиянинг қўшма баёнотида SM-6 зенит ракеталари ва «Европадаги мавжуд ерусти тизимларидан сезиларли даражада каттароқ масофага эга» гипертовушли қуролларнинг янги турлари эслатиб ўтилади. 

Кремл бунга жавобан Россияда бу ракеталарни тўхтатиш учун етарли салоҳият борлигини айтди. Бироқ, Россия Федерацияси ушбу қуроллар жойлаштириладиган жойларни нишон сифатида белгилайди, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ва бу мамлакатлар пойтахтларини «потенциал қурбон» деб атади.

Берлин Россиянинг Ўрта ва узоқ масофали ракеталарни йўқ қилиш шартномасидан чиқишига жавоб сифатида Американинг ўрта масофали ракеталарини Германияда жойлаштириш масаласини кўриб чиқмоқда. Германия мудофаа вазири Борис Писторус Вашингтон билан келишувни олқишлади. Бу қарор Германиянинг ўзи ҳам бундай қуролларга сармоя киритиши кераклигини англатади, дея таъкидлади у. 

Мавзуга оид